30.01.2025

Бағрикенглик – қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган.
Айни пайтда жонажон мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, осойишта, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий, руҳий ва маданий жиҳатдан бойиб, ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалмоқда. 
Шунингдек, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши учун юртимизда барча шарт-шароитлар яратилган. Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Умумий ўрта таълим мактабларимизда етти тилда-ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман, қозоқ ва тожик тилларида билим берилаётгани, шунингдек, оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллатларнинг ўнта тилида фаолият олиб бораётгани бунинг ёрқин ифодасидир. 
Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида ўқиши учун кенг имкониятлар яратилгани, олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва мактабларда барча миллат вакиллари учун тенг шарт-шароитлар яратилгани, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар олиб борилаётгани бу борадаги фаолиятнинг яққол далилидир. Буларнинг барчаси динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг кўринишидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Бу нарса “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ҳам кенг қамровли ёритиб берилган. 
Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга, бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка тартибда, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”, деб белгиланган. 
Қолаверса, динлараро бағрикенглик ғоясини аҳоли орасида тарғиб этиш мақсадида 16 ноябрь куни “Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинган.
Биз ҳам бағрикенглик тамойилларига асосан иш тутсак, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлсак, турли миллат ва элатлар билан ҳамжиҳат, аҳил-иттифоқликда яшасак, ана шунда мамлакат тинч, халқ фаровон бўлади, жамият янада гуллаб-яшнайди.


Мақсуд Акромов,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси