09.11.2024

ИСЛОМ - ТИНЧЛИК ДИНИ

Ота боболаримизни қўлларини дуога очишганда; “Илоҳим жаннатмакон юртимиз тинч бўлсин. Юртимизга кўз тегмасин”- деб дуо қилишади. Ушбу дуо замирида Аллоҳ таолонинг муборак каломидаги Иброҳим алайҳиссалом дуолари эсга тушади. У зот яшаб истиқомат қилган юртлари Макка ҳақига: "Эй Роббим, бу (Макка)ни тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларга (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!” деб-дуо қилдилар (Бақара, 126). Шу дуо неча минглаб йилларки, инсоният тилида тўхтамайди. Ҳақииқатан, инсонга кўпгина неъматларни берилган бўлсаю-у, тинчлик неъмати бўлмаса, бошқа неъматларнинг лаззати татимайди. 
Тинчлик сўзи араб тилида “салами”, “ислом” маъноларини ўз ичига олади. Саккизта жаннат бўлса, бирининг номи “Дарус-салам”, яна бир маъноси “амн”. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Албатта тақволи зотлар (у кунда) осойишта жойда” , “Улар у жойда хотиржам бўлган ҳолларида ҳар турли мевани чорлайдилар” (Духон, 51 – 55). Ушбу оятлар мазмунида ҳам жаннатнинг жаннатлиги тинч ва хотиржамлигида экани маълум бўлади. Кексаларимизни яна “Жаннатмонанд юртиимзга кўз тегмасин”, деб дуо қилишади. Юртнинг жаннатга қиёс қилиниши унинг тинчлигида ва шу заминда яшаётган кишиларнинг осойишта хаёт кечираётганлари билан боғлиқ. Демак, тинчлик хукм сураётган диёрни жаннатга қиёс қилса арзийди. 
Ҳадиси шарифда: “Киши эрталаб уйқудан уйғониб турса, унинг оиласи тинч, тани соғ, уйида егулик озуқаси барқарор бўлса, неъматларнинг барчасига муяссар бўлибди”, деб марҳамат қилинади. Бунга шукр қилиш керак. Аммо неъматларнинг осойишталиги, барқарорлиги, бардавомлигига раҳна солишга уринаётган, жамиятнинг тараққиётига тўсиқ бўлаётган, тинч аҳолига бузғунчилик таъсирини ўтказувчи кучлардан сақланиш ҳам шукроналикнинг асосий тамойилидир. Аллоҳ таоло: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида, 2) деб, диннинг мазмун-моҳиятида фақат яхшилик қилишга чақирилганини таъкидламоқда. 
Зеро, Қуръони каримнинг бир неча ўринларида одамлар ичида бузғунчилик, иғво, фитна, ношукурлик ҳолатларини келтирувчи салбий ҳаракатлардан қайтарилган. 
Айни пайтда, бузғунчи ғояларни тарқатувчи тоифаларга нисбатан муросасизлик ҳар бир мусулмоннинг шиори бўлиши керак. 
Ҳозирда дин номидан гапираётган, уни мақсадлари учун “байроқ” қилиб олганлар турли объектларга, тинч аҳолига карши куч ишлатмоқдалар. Гуноҳсиз кишилар террорнинг қурбонига айланмоқда. 
Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, эзгу амаллар, улуғ мақсадлар саробга айланади. Ер юзи тор ва зиқ кўринади. 
Ҳулоса қилиб айтамизки тинчликни қадрига етайлик уни асраб авайлайлик бардавом бўлиши учун ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирайлик токи ҳаёт эканмиз дуоларимизда сўраб амалларимизда собит қадам бўлайлик. Вассаламу алайкум вараҳматуллоҳи вабарокатуҳ.

Саъдуллаев Сирожиддин,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси.