31.10.2024

ИМОМИ АЪЗАМ МУСНАДЛАРИ

Имоми Аъзамнинг “Муснад” асари жуда қимматли манба. Аввало, бу китоб Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида “оз ҳадис билади”, “раъйни ҳадисдан устун қўяди” каби асоссиз фикрлар ва бу гапларни ташиб юрувчилар учун раддиядир. 
Муснадни диққат билан ўқиган киши Имоми Аъзамнинг нақадар бағрикенг, айни чоғда динимиз равнақи учун ўта ҳарис олим бўлганини билиб олади. Айниқса, Имоми Аъзам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу каби улуғ саҳобалардан илм ўргангани боис Қуръони карим оятларининг нозил бўлиши сабабларини жуда яхши билган. 
Бу каби китобда намозга оид бир неча баҳсли масалалар ҳақида асосли жавоблар ёзилган. Масалан, ифтиҳоҳ такбирида қўлларнинг қулоқлар юмшоғигача кўтарилиши, намозда имомнинг қироати жамоат учун кифоя қилиши, “Омин”нинг махфий айтилиши каби масалаларни Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳар томонлама асослаб берган. Бу китобдан олдиндан фойда хато фикрларни сувда эриган туздек йўққа чиқаради.  
Абу Ҳанифанинг устози Ҳаммод ибн Абу Сулаймон Муслим Ашъарий ҳақида муҳим маълумотлар бериб, “Муснад”нинг  мақомини ишончли даражага кўтарган. “Муснад”да жами 665 та ҳадис келтирилган. 
Абу Ҳанифа Ҳаммод ибн Абу Сулаймон Муслим Ашъарийдан ҳадис иснодини зикр қилди. У Иброҳимдан, у Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам касал бўлган вақтларида олдиларига кирдилар. У зот сал кўтарилган сўри устида изхир билан қопланган бўйрада ёнбошлаб ётар эдилар. “Ота – онам сизга фидо бўлсин, эй Росулуллоҳ! Исро билан Қайсарлар ипакларга ўралиб ётибди, Сиз эса шу ҳолда ётибсиз”, деди Умар Розияллоҳу анҳу. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Умар, уларга дунё, бизга охират бўлишига рози бўлмайсанми?” дедилар. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини ушладилар ва У зотнинг иситмаси жуда юқори экан. Умар розияллоҳу анҳу: “Шундай иситмадан қийналасизми? Ҳолбуки Сиз Аллоҳнинг Пайғамбарисизку деб” дедилар. Пайғамбаримиз саллоллоху алайҳи васаллам: “Албатта, бу умматнинг ичида оғирроқ синовига кўпроқ Пайғамбар йўлиқади. Ундан сўнг уларнинг яхшироқларига, сўнгра уларнинг яхшироқларига бўлади. Сизлардан олдинги пайғамбарлар ва умматлар ҳам худди шундай бўлган”, дедилар.  
Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Ойша онамиз билан жаннатда бирга бўлганлари айтилади.  
Банда жаннатда олий даражаларга етишиб, “Эй Роббим, менинг бунга яраша амалларим йўқ эди-ку”, деб хайрон бўлганида, унга бу даражалари балолар ва синовларга сабр қилгани туфайли берилгани айтилади.  
Ойша онамиз Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан яшаганларида 3 кун кетма – кет қорни тўйиб нон емаганлари, машаққатда яшаганлари ва Набий алайҳиссалом вафотларидан сўнг неъматлар кўпайиб, турмуш фаровон бўлгани айтилади.  
Ҳадис илми Росуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган иймон ва муҳаббат асосида хикмат ва илмга эга бўлиш мақомидир. Бу борада Имоми Аъзамнинг “Муснад” асари хеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди.  

Саъдуллаев Сирожиддин,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
таълим муассасаси мударриси.