ИСЛОМ ЭЗГУЛИК ВА ТИНЧЛИК ДИНИДИР.
Аллоҳ таоло ислом динини барча динларнинг хотимаси, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг охирги пайғамбар қилиб юборди. Ислом дини қиёматгача инсониятни ҳақ йўлга бошловчи дин бўлиб давом этади.
Инсоният учун энг мукаммал ва уларнинг саодати учун энг гўзал кўрсатмаларни ўзида мужассам қилган бу илоҳий йўл ҳар бир аҳкомида одамлар учун энг фойдали йўлларни кўрсатгани шубҳасиздир. Бу муқаддас диннинг вакиллари бўлмиш мусулмонларга хитоб қилиб Аллоҳ таоло нозил қилган бир оятни тафаккур қилиб кўрсак ҳам юқорида айтилган ҳақиқатларга амин бўламиз. У зот шундай марҳамат қилади:
وَكَذلِكَ جَعَلْناكُمْ أُمَّةً وَسَطاً لِتَكُونُوا شُهَداءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيداً
“Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта миллат қилдик”.
Ўрта миллат – мўътадил, яхши ва адолатли миллат маъносида. Чунки ҳар бир ишнинг ўртаси яхши.
Демак, биз умматлар ва халқлар орасида энг яхшиси ва энг адолатлиси эканмиз, тинчлик ва хотиржамлик борасида ҳам энг тўғри қоидаларга эга бўлишимиз керак. Тинчлик ва хотиржамлик инсоннинг ҳаёти учун энг муҳим омиллардан эканини ҳисобга олсак, муқаддас Ислом динимизда албатта бу борада жуда муҳим кўрсатмалар бор. Динимизнинг тинчлик тарафдори экани, тинч яшаш бу муборак динда энг муҳим ғоялардан бири экани динимизнинг “Ислом” деб номланишидан ҳам маълум бўлади.
Чунки “Ислом” – “саломат қилиш”, “тинч-тотув бўлиш ва тинч қилиш” деган маъноларни англатади. Қолаверса, Ислом дини тинчликка фақатгина бир томонлама эмас, балки, инсоннинг ҳаётини қамраб оладиган бутун ва яхлит тушунча сифатида қарайди. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ
“Эй, иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтонни изидан эргашманг” , - деб марҳамат қилади.
“Исломга тўлиғича киринг” иборасини баъзи уламоларимиз “тинчлик ва саломатлик йўлига тўлиқ киринг деб тафсир қилишган. Чунки оятда бу ибора “силм” сўзи билан ифодаланган. У эса, “тинчлик ва саломатлик маъноларини ҳам беради. Демак маъно “Ислом буюрган тинчликка киринг” десак янада мукаммал бўлади.
Бу тинчлик ва хотиржамлик тушунчаси – бошқалар тушунадиган жузъий тинчликдан фарқ қилади. Оятда айтилган ҳақиқий саломатлик ва тинчликка эришиш учун инсон бу жараённи, аввало жамиятнинг ва оиланинг бир бўлаги сифатида ўзидан бошлаши керак. Ҳа, аввало ўз виждони олдида пок бўлиши керак. Шундагина турли асабийлашишлардан, унинг натижасида келадиган турли касалликлардан саломат бўлади. Виждони ва иймони олдида пок инсон бошқалар олдидаги ўз вазифасини қойиллатиб бажаради. Натижада эса ота-она, оиласи ва фарзандлари ундан мамнун бўлишади. Ўз атрофидагилар ундан рози ва хурсанд бўлишлари инсонга янада тинчлик ва хотиржамлик бахш этади ва атроф муҳитда ҳам тинчлик ёйилишига сабаб бўлади. Чунки мусулмон инсон Аллоҳ таоло унинг ҳар бир ишини кузатиб турганини билади. Шунга кўра бировнинг ҳуқуқини поймол қилмайди, бошқаларга зулм қилмайди, хиёнату разолатдан узоқ бўлади. Унга бирор ёмонлик етса - гарчи унинг сабабини ўрганиб ундан ибрат олишга ҳаракат қилса ҳам – Аллоҳни эслайди ва У зотга таваккал қилиб ўз ишини давом эттираверади.
Аллоҳ таоло ўз каломида:
أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ
“Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” деб марҳамат қилади.
Ўзининг шахсий ҳаётида шундай тинчлик ва хотиржамликка эришган инсон – жамиятдаги бошқа инсонлар билан ҳам тинч-тотувлик асосида, хотиржамлик ва дўстлик асосида муомала қилиши табиий ҳол.
Тинчлик Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жамиятда ҳақиқий хотиржамлик ҳукм суришининг гаровини инсонлар ушбу Ислом динини, иймонни тўғри тушунишида эканига ишора қилиб шундай дейдилар:
" مثل المؤمنين في توادهم وتراحمهم وتعاطفهم كمثل الجسد، إذا اشتكى منه عضو تداعى له سائر الجسد بالسهر والحمى".
Яъни: “Мўминлар ўзаро меҳр-муҳаббат ва бир бирларига меҳрибонликларида ҳудди бир жасадга ўхшайдилар. Ундан бирор аъзо оғриб қолса бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади”.
Жамиятдаги бундай ўзаро тинчлик ва ҳурмат нафақат мусулмонлар орасида, балки ўша жамиятда яшовчи бошқа дин вакилларини ҳам ўз ичига олади. Бунга яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан бир мисол келтирамиз: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ҳикоя қилиб айтадилар: “Олдимиздан бир тобутни кўтариб ўтдилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар, биз ҳам турдик. Кейин биз: “Эй Расулуллоҳ бу яҳудийнинг тобути эди”, дедик. Шунда У зот: “Ахир инсонку! Жанозани кўрганда туринглар”, деб марҳамат қилдилар”.
Бу ҳақиқатни У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Маккада 13yil мусулмонларга қаттиқ азоб ва азиятлар берган мушриклар билан тинч яшашга ҳаракат қилдилар ва саҳобаларни сабрга тарғиб қилдилар. Мадинага келгач илк бажарган ишларидан бири у ердаги яҳудийлар билан тинчлик шартномасини тузиб ўзаро имзоладилар.
Инсон ўта хотиржам ҳолда “Ислом дини ҳақиқий тинчликка чорловчи, тинчлик ва хотиржамликни таъминловчи дин” деб айта олади.
Чунки, Ислом дини “Салом” яъни “саломатлик ва тинчлик улашувчи” сифати бўлган Аллоҳ таолога иймон келтиришга чақиради. Мусулмонлар бу имтиҳон дунёда солиҳ амаллар қилиб ўтгач киришни орзу қиладиган жаннатларининг бир номи “Салом”. Аллоҳ таоло:
وَٱللَّهُ يَدْعُوٓا إِلَىٰ دَارِ ٱلسَّلَاٰمِ
Яъни: “Аллоҳ салом яъни тинчлик диёрига даъват қилур” , дейди.
Мусулмонларнинг ўзаро мулоқотлари “Ассалому алайкум” яъни “сизга тинчлик саломатлик бўлсин”, “саломатлик тилайман” деган гўзал тилак билан бошланади. Мўмин намоз ўқиганда ўтириб ўқийдиган “ат-таҳийёт” номли дуода саломлар бор. Намоздан чиқишда икки томонидагиларга салом бериб яъни тинчлик ва саломатлик тилаб якунлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир саҳобий “Исломдаги қайси амал яхшироқ?”, деб сўралганда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Одамларга таом бермоғинг, ҳамда, таниган ва танимаганга салом бермоғинг”, деб марҳамат қилдилар.
Бу билан чекланмасдан, Ислом дини мусулмонга беҳурматлик қилган одобсизларга ҳам тинчлик ва саломатлик тилашни тавсия қилади. Аллоҳ таоло ояти каримада:
وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْنًا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَامًا
Яъни: “Раҳмоннинг бандалари ер юзида тавозу ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганда салом дейдиганлардир”.
Демак, “тинчлик” тушунчаси Исломда асосий тушунчалардан бўлиб, мусулмонларнинг ўзаро муносабатларида ҳам, бошқалар билан бўладиган муомалаларида ҳам ўта муҳим аҳамият касб этган. Ҳатто “тинчлик-тотувлик ва саломатлик” Ислом ва мусулмонлар шиорларидан бирига айланган десак муболаға бўлмайди.
Ислом тарихида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлари ёки ундан кейинг даврларда бўлган жанглар эса ватанни, ерни, муқаддасотни душманлардан ҳимоя қилиш ва одамлар орасида тинчликни таъминлаш учун бўлган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муқаддас динимиз инсонни аввало шахсий тинчликка, кейин эса бошқалар билан тинч-тотув яшашга эриштирадиган буюк дин. Бу динда тинчлик – асосий қоида ҳисобланиб, зарурат ҳоллардагина ундан чиқилади. Шундай бўлишига қарамасдан, динимизга турли туҳмат тошлари ёғдирилиши ачинарли ҳол. Бунга динимизни ҳақиқий маънода тушунмаганимиз ҳам сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Динимизга амал қилиб ўзимиз учун ҳам жамиятимиз учун ҳам ҳақиқий тинчлик ва саломатликни раво кўрайлик…!
Улуғбек домла Жиянов,
Мир Араб мадрасаси мударриси