15.10.2024

ТЕРМИЗДАН ПОРЛАГАН ЗИЁ

Ўзбекистон замини азалдан маърифат аҳлига бой. Унинг ҳар бир қаричида не-не даҳолар ўтмаган дейсиз. Мамлакатимизнинг жанубий вилоятида жойлашган Термиз шаҳрида ҳам кўплаб даҳолар яшаб ўтган. Ана шундай буюк алломалардан бири – машҳур муҳаддис (ҳадис илми олими) Абу Ийсо ат-Термизийдир. Алломанинг тўлиқ исми Абу Ийсо Муҳаммад ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок ас-Суламий (умрларининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолганлигидан Зарир тахаллуси билан ҳам аталганлар) ат-Термизий бўлиб, ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термизда, унча бадавлат бўлмаган оилада таваллуд топганлар. У зотнинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки маълумотни шу шаҳарда олганлар. Болалик чоғларидан ўта зийрак, ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан яққол ажралиб турган олим диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаганлар. Кейинчалик бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларини зиёрат қилганлар. Жумладан, узоқ йиллар Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаганлар. 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, ҳижрий 250 (милодий 864) йили Термизга қайтиб келганлар. 
Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган ат-Термизий кўпдан-кўп устозларга, жумладан, ҳадис илмининг султони бўлган ватандошимиз Имом Бухорийга шогирд тушганлар. Кўп ҳадисларни Бухорийдан ривоят қилганлар. Яна устозларидан Имом Муслим ва Абу Довуд ҳамда Басра, Кўфа, Хуросон, Ҳижоз шайхлари бўлиб, уларнинг раъйи ва воситаси орқали ҳам фойдаланганлар. Шунингдек, минглаб шогирдларга устозлик қилганлар. 
Алломадан бизга кўплаб асарлар қолган бўлиб, уларнинг ичида энг машҳури, шубҳасиз, «Ал-жомеъ» саналади. Ушбу асар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис ва суннатларини ўзида мужассам этган олтита ишончли ҳадис тўпламларидан биридир. «Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим» китобларидан кейинги ўринда турадиган бу асар «Сунани Термизий» («Термизий суннатлари») номи билан ҳам аталади. «Сунани Термизий» асари чиройли, фойдаси кўп бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилган. Ундаги ҳадислар саҳиҳ, ҳасан, заиф каби турларга бўлинган ҳолда келтирилиши ҳадис илмида ўзига хос янги йўналиш бўлди. 
Ат-Термизийнинг машҳур таълифларидан яна бири “Аш-шамоил ан-набавийа” (“Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари”) бўлиб, баъзи манбаларда “Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи васаллам” номи билан ҳам келтирилган. Номидан ҳам кўриниб турибдики, бу асар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у кишининг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилатлари, одатларига оид 408 ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир.
Буюк бобокалонимизнинг ҳаёти ва қолдирган бой маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш – илмий, амалий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Чунки алломанинг асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсонларни ҳалол, адолатли, эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шафқатли, ота-онага нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга даъват қилади.
Имом Термизий бобомиз ҳижрий 279 (милодий 892) йили Термиздан узоқ бўлмаган Шеробод туманига қарашли Буғ қишлоғида вафот этганлар ва шу ерда дафн қилинганлар.
Аллоҳ таоло Имом Термизий бобомизни Ўз раҳматига олсин ва бизларни ҳам у зотнинг даражаларига етказсин.

Мақсуд Акромов,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси 
Қуръони карим ва тажвид фани мударриси