Суннийлик моҳияти
Бизларга ҳидоят йўлини кўрсатган, бошловчи ва раҳбар этиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаламни таъйин қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога туганмас ҳамд санолар бўлсин. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони Каримни бизларга дастури амал, ҳидоят маёғи ўлароқ нозил қилди. Унда бандаларни лол, ожиз қолдирувчи мўъжизалар, илмий далилларни баён қилди, Қиёмат, Жаннат ва Дўзах, фаришталар каби ғайб тушунчалари ҳақида хабар берди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам эса ушбу ваҳийни Жаброил алайҳиссаломдан қабул қилдилар, қалбларига жо айладилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейди:
“Жаброилга душман бўлганларга айт, албатта, Ул у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди”.
Бани Одам саййиди, комил фаҳм эгаси бўлмиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам Ислом рисолатини ўз умматларига мукаммал ҳолда етказдилар, юзага келган саволларга жавоб бердилар.
Саҳобалар розияллоҳу анҳумлар ҳаётларининг барча жабҳаларида – ҳожатхона одобидан тортиб, қўшиничилик, савдо-сотиқ муомалаларигача Набий алайҳиссаломга ўхшашга ҳаракат қилишди, суннатни ҳаёт тарзи деб билишди. Натижада, инсон етишиши мумкин бўлган энг юқори чўққиларни, даражаларни забт этишди, тарих зарварақларидан “Ислом қаҳрамонлари” сифатида жой олишди. Чунки, улар ўзларини ўхшатган Зот башариятнинг саййиди, хулқда бенуқсон эдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилади: “Ва албатта, сен улкан хулқдасан” (Қалам сураси, 4-оят).
Оламлар Роббиси Ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломни бундай эътироф қилиши, улкан шарафдир. Аллоҳ таоло биз бандаларга хитоб қилиб Аҳзоб сураси 22-оятида шундай дейди: “Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор”.
Бундан кўриниб турибди-ки, биз ҳам саҳоба розияллоҳу анҳумга ўхшаб ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – ибодатда, муомалада, одоб-ахлоқда – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ояти каримасига мувофиқ ҳолда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўрнак билиб, у Зотга эргашишимиз керак. Шундай қилган тақдиримизда, Аллоҳнинг муҳаббатига ноил бўладиган амалга бел боғлаган бўламиз.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда шундай марҳамат қилади: “Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир” деб айт. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир”.
Аммо, биринчи ҳижрий аср ҳали тугамасдан, турли сиёсий сабабларга кўра мусулмон оммаси фирқаларга ажрай бошлади. Даставвал хаворижлар, кейинчалик эса шиалар, мўътазилалар ва бошқа тоифалар мусулмон оммасидан ажраб чиқа бошлади. Ҳар бири ўзининг фикрини тасдиқ қилиш учун далиллар келтирди, ўз фикр ва тушунчасини исбот қилишга уринди, диндаги ақидавий масалаларда баъзилари ғулувга кетди ва яна баъзилари эса ўта енгил ёндашди, натижада ўзларининг “янгича” ақийдалари шакллана бошлади. Бу пайтда эса, қолган мусулмон оммаси, суннатни маҳкам туутган ҳолда “Аҳли сунна вал жамоа” деб атала бошланди.
Алий розияллоҳу анҳу даврларидан бошлаб, суннат аҳли томонидан хаворижларга ва бошқа фирқаларга раддиялар берила бошланди. Вақт ўтиши билан соф ислом ақидасига тошлар отила бошланди, уни бузишга ҳаракатлар бошланди, натижада ислом ақийдасини ўзида мужассам этган илмий асарга эҳтиёж сезилди. Бу эҳтиёжни эса мусулмон оламининг машриқ томонида Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (854-944) ва иккинчи томонда Абул Ҳасан Ашъарийлар қондиришди. Фиқҳда эса Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳаблари тан олинди, ким уларга эргашса “Аҳли сунна вал жамоа”дан ҳисобланади.
Биз ҳозирги таҳликали замонда, Аллоҳ таолонинг оятларига мувофиқ ҳолда, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, асҳобларига ўхшаган кўйда жон жаҳдимиз билан соф ислом ақийдаси ва фиқҳини ўзида мужассам этган Аҳли сунна вал жамоага эргашишимиз лозим ва лобиддир.
Дийдор Аскаров,
Мир Араб ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мударриси