07.05.2024

АЙРИМ САЛАФИЙЛАРГА РАДДИЯ

 Ўзининг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони каримда мусулмонларга хитоб килиб: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг“ аркони(Қуръон) ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг", дея марҳамат қилган Хақ таолога беадад хамду, санолар бўлсин.
 "Албатта, менинг умматим залолат устида жамланмайди, шундай экан, қачон ихтилофни кўрсангиз, саводи аъзамни (энг катта жамоани) лозим тутинг дея васият килган суюкли Пайгамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайхи васалламга салавот ва саломлар бўлсин.
 Ислом тинчлик дини булиб, мўмин-мусулмонларни тинч-тотув, аҳил-иноқ бўлиб яшашга чақиради. Шунинг баробарида тинчликка раҳна солувчи ҳар қандай нарсалардан қайтаради. Ғулувга кетиш, мутаассиблик, ихтилоф қилиш, гуруҳбозлик каби иллатлар нотинчликка хизмат қилувчи энг катта хатарлардандир.
  Муборак Ислом динимиз ўзи келган биринчи кундан бошлаб ҳамма ёмонликларнинг онаси бўлган жаҳолат ва бузуқ ақидага қарши қаттиқ курашиб келмоқда. Минг афсуслар бўлсинки мана шундай бузғунчиликни, ихтилофли масалаларни ўртага ташлаб халқ орасида ихтилоф, фитна-фасод чиқариб келаётган, ва уларнинг мана шу сохта даволарига ишониб, алданиб қолаётган биродарларимиз ҳам талайгина топиляпти.
Энди Аллоҳнинг изни билан уларнинг айрим нотўғри даъволарини келтириб ушбу масаланинг асл, тўғри моҳиятини очиб берсак.


Намоздан кейин жамоат бўлиб дуо қилиш
Дуо бу инсоннинг Роббисидан ўз ҳожатини сўрашидир. Динимиз дуога шунчаки тарғиб қилинмаган, ҳаттоки дуо қилган бандани Аллоҳ яхши кўришлиги, Аллоҳдан ўз ҳожатини сўрамаган, дуо қилмай қўйган бандага Аллоҳнинг ғазаби келиши баён қилинган. Жумладан бу борада Аллоҳ таоло Аъроф сураси, 55-оятда "Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг..." дея марҳаматқилади.
 Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуо ижобат бўладиган вақтларнинг орасида фарз намозларидан кейинги вақтни ҳам алоҳида айтганлар. Жамоат бўлиб дуо қилишга келсак, бу борада ҳам бир қанча ҳадислар мавжуддир.
Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади. У дуоси ижобат инсон эди: "Ҳабиб ибн Маслама бир кун одамларга: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: "Бир жамоат тўпланиб баъзиси дуо қилса, қолганлари "Омин, омин” деб турса, Аллоҳ албатта, уларнинг дуосини ижобат қилади” деганларини эшитганман", дедилар. Мазкур ривоятдан, намозлардан кейин имомнинг дуо қилиши, муқтадийларнинг "Омин, Омин" деб туриши мутлақ асоссиз амал эмаслиги маълум бўляпти.
Бу борада "Оламгирия" китобида қуйидагича келтирилган: "Агар имом Пайғамбар алайхиссаломдан ривоят қилинган дуоларни атрофидаги қавмга хам ўргатиш учун овозини жаҳрий қилиб ўқиса, бунинг ҳеч қандай зарари йўқ". Шундай экан намоздан кейин жамоавий дуо килиш фарз, вожиб ёки суннат эмас, балки мустаҳабдир. Зеро, имом Нававий "Шарҳи Муҳаззаб"да шундай келтирган:
 "Ҳар бир фарз намозидан сўнг дуо қилиш, имом учун ҳам муқтадий учун ҳам ёлғиз намоз ўқиган киши учун ҳам бехилоф мустаҳабдир”
Демак юқоридаги далиллардан кўринадики жамоат бўлиб дуо қилишнинг ҳеч қандай зарарли ёки ихтилофли жиҳатлари йўқ аслида.
Мусулмонни кофир деб ҳукм чиқаришнинг хатари
 Бугунги кундаги кенг тарқалиб бораётган ихтилофлардан яна бири "Такфирчилик" масаласидир. "Такфир" тушунчаси "бировни кофирга чиқариш", "кофир деб ҳисоблаш" деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло бу борада Нисо сураси 94-оятда шундай марҳамат қилади:
"Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар".
 Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошма-шошарлик қилиб кимнидир диндан чиққанликка ҳукм қилишдан қайтаряпти. Бундан ташқари бу борада кўплаб ҳадислар ҳам бизгача келгандир. Хусусан, Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда "Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ" деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир" демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” дейилган. 
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Бошқа бир ҳадисда эса:
"Ким мўъмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади" (Имом Бухорий ривоят қилган).
 Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса мусулмон инсонни “кофир" деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади", деганлар.
 Айтиш жоизки бугунги кунда бунга ўхшаш ихтилофли масалалар жуда кўплаб учрамоқда. Аммо мўътабар мазҳабимиз ва ишончли устозлар, олим уламоларимиз назари билан қарасак уларнинг қилаётган даъволари нечоғлик асоссиз ва саёз эканлигини кўришимиз мумкин.
 Аллоҳ таоло ҳеч биримизни тўғри йўлдан адаштирмасин, мана шундай динимиз душманларининг олиб бораётган ишларига муносиб қаршилик қилиб келаётган устозларимизни Ўз паноҳида асрасин.
 Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!!! 

Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси талабаси
ЖУМАЕВ НОЗИМЖОН