06.05.2024

ДИНГА МАЖБУРЛАШ ЙЎҚ

Энг буюк неъмат бўлмиш Ислом билан бизларни шарафлантирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Бизларга энг буюк немат "ислом" эканини билдирган ва мана шу неъматнинг нечоғлик улуғлигини англатган пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловату-саломлар бўлсин. Жонажон юртимизда муборак динимизга ва виждон эркинлигига кўплаб эътибор берилишлиги билан бир қаторда, афсуслар бўлсинки радикализм хавфи ҳам шунчалик ортиб бормоқда.

 Радикализм ўзи нима? Радикализм – муайян шахс ёки гуруҳнинг мавжуд ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳолатини тубдан ва муросасиз ўзгартириш истагидан иборат жараёндир. Радикаллизм жараёнлари диний йўналишда ҳам кузатилиши мумкин. Радикализм (лотинча радих – илдиз) – сиёсий тузум ва ижтимоий институтларни тубдан ўзгартиришга қаратилган ғоя ва ҳаракатларни ифодаловчи сиёсий, диний оқим. Бунда шахс ўз диний эътиқодини ҳақ деб билиб, ўзгача эътиқодий қарашлар ва фикрларга муросасиз ва кескинлик асосида ёндашади ҳамда уларни зўрлик йўллари билан ўзгартириш тарафдори бўлади. Бу ҳолат кўпинча жамиятда мавжуд турли диний конфессияларларга кескинлик билан ёндашиш, бир дин доирасидаги ўзга мазҳаб ёки қарашларни муросасиз инкор этиш ҳамда уларни рақиб сифатида қабул қилишда намоён бўлади. 

Бинобарин, радикал ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшлар ўз оила аъзолари, яқинлари, маҳалла, кўча-кўйдаги тенгдошларини ҳам мутаассиб шахсга айлантиради. Шунингдек, ёшларнинг турли оқимларга кириб қолишлари сабаблари қаторида уларнинг билимлари, шу жумладан, диний илмларни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиши ҳамда ишонувчанлиги, бирданига ва ҳамма нарсага (бойлик, шон-шуҳрат, мартаба ва ҳ.к.) эга бўлишга ҳаракат қилиши, илмий тилда айтганда максимализм каби маънавий-руҳий омилларни ҳам алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим. 

Диний ақидапарастлик ҳам радикализмнинг бир кўриниши ҳисобланади. Диний радикализмнинг мазмун-моҳияти радикализмнинг бошқа кўринишлари каби ўзига мос келмайдиган бошқа ҳар қандай оқим ва қарашларга нисбатан муросасизликда, жамият тараққиётига зид, ғайриинсоний ғоя ва қарашларни илгари суришда намоён бўлади. Радикал фикрлар эътиқодга айланганда киши бемалол маънавий чегаралардан ҳатлаб ўтади. Бир қарашда у яхши мақсадлар учун курашяпти, дейлик, миллат шаънини тиклаш ҳақида гапиряпти, адолатни тиклашни ёқлаяпти, аммо ҳаракатлари ўша миллат манфаатларига зид, адолат илинжида қилинаётган ишлари эса – адолатсизликдир. 

Дастлаб “радикализм” атамаси мўтадил ислоҳотлар учун ишлатилган. Мисол учун  аср бошларида демократия тарафдорларини радикалистлар деб аташган. 1832йил Буюк Британияда “Ислоҳотлар тўғрисида Билл” тарафдорларини ҳам радикализм тарафдорлари деб аташган. Ҳозирги радикализм “экстремизм”нинг назарий манбаи ҳисобланади. “Экстремизм” бу қўрқитиш, ваҳимага солиш орқали инсонларни хоҳлаган йўлига мажбурлаб буришликдир. Минг афсуски, ҳозирги оммавий телекоммуникатсия ва ижтимоий тармоқлар орқали бизга бу атамалар шунчалик сингдирилмоқдаки, худди Ҳасан исми айтилганда инсон онгида Ҳусан исми пайдо бўлгандек, бу атамалар айтилганда инсон онгида беихтиёр “ислом” сўзи келадиган бўлиб қолди. Аслини олганда бу икки сўз бир бирига зид маънолидир. “Ислом” бу “тинчлик, осойишталик, ҳотиржамлик” дегани. Фунтаментализм,Шовинизм,Фанатизм,Ирқчилик, миллатчилик( бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин) буларни барчасини асосини радикализм ташкил қилади. Яъни радикализмни ислом ёки диндор мусулмонлар билан ўлчаниши нотўғри. Чунки “Исломий радикализм” деган тушунча йўқ балки “Исломлаштирилган радикаллик” бор. Аллоҳ таоло Бақара сураси 256 оятда : “Динга мажбурлаш йўқ” деб марҳамат қилади. Ҳадиси шарифда эса; Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Мусулмон- қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир. Муҳожир- Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтган кишидир” дедилар ( Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадис шарҳида уламолар : Бу ҳадисда мусулмон киши нафақат ўзини мусулмон биродарига балки ўзини диёридаги зиммий ва ғайри динга хаттоки ҳайвонот ва наботот оламига ҳам ноҳақ озор бермаслигини айтишган. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда ислом ниқоби остида ҳаракат қиладиган айрим оқим вакиллари ўзларини тиллари билан бир мўминни такфирда айблаб унга озор берсалар яна бир томондан қўлларидаги қурол билан озор берадилар. Бу Росулуллоҳ алайҳиссалом сифатлаган мусулмон сифатларига зиддир. 

Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси 

Фиқҳ фани мударриси Раҳматов Баҳодир