01.11.2023

Аллоҳ учун дўст бўлиш

Бимиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир бирига бегона бўлган инсонларни Ўзининг Ҳақ йўлида, жаннатига киргизишлик мақсадида  қалбларини яқин қилган, биродар қилган Аллоҳ Таолога ҳамду санолар. Хулқда тенгсиз, барчага бирдай меҳр-муҳаббатли бўлган  зот, суюклигимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин.
Инсон яралган экан бутун ҳаёти давомида унга ҳар жабхада ёрдам берадиган, тўғри йўлни кўрсатадиган чинакам дўст, жаннат йўлига, Роббисининг розилиги йўлига бошлайдиган ҳақиқий биродарга мухтож бўлар экан. 
Гўзал динимиз ҳам бизни айнан Аллоҳ учун дўст бўлишга, У учун яхши кўришга буюради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг инисидир. Унга хиёнат қилмайди, уни алдамайди, уни хорламайди. Ҳар бир мусулмоннинг обрўси, моли, қони мусулмонга ҳаромдир. (Қалбга ишора қилиб) тақво бу жойдадир. Мусулмон биродарини паст санаш кишининг ёмонлигига кифоя қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини қуйидаги оят ҳам қувватлайди: “Албатта, мўминлар оға-инидирлар” (Ҳужурот сураси, 10-оят). Мўмин-мўминнинг иниси экан, у биродарига хиёнат қилмаслиги, воқеликдаги ишнинг хилофини хабар 
бермаслиги, уни ёлғонга чиқармасдан айтган гапини қабул қилиши, ёрдамсиз ташлаб кетмай бошига мусибат тушган вақтда унинг ёнида бўлиб, унга ёрдам бериши лозим.
Аллоҳ таоло солиҳ бандаларини васфлаб: “Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар”, дейди (Ҳашр сураси, 9-оят).
У Зот яна: “Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар” (Инсон сураси, 8-оят).
Саҳл розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга чети тўқилган бурда келтирди. – (Саҳл): «Бурда нималигини биласизларми?» (деди, улар): «Шамла», дейишди. (Саҳл): «Тўғри», деди. – «Уни ўз қўлим билан тўқидим, сизга кийдириб қўяман, деб келтирдим», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга муҳтож бўлганлари учун уни олдилар. Олдимизга чиққанларида уни изор қилиб олган эканлар. Фалончи уни мақтаб: «Уни менга кийдиринг, мунча чиройли экан», деди. Одамлар: «Яхши иш қилмадинг, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга муҳтож бўлганлари учун кийган эдилар. Сен эса у зотнинг рад этмасликларини била туриб сўрадинг», дейишди. У эса: «Аллоҳга қасамки, мен уни кийиш учун эмас, кафаним бўлиши учунгина сўрадим, холос», деди. Саҳл: «Ўша унинг кафани бўлди», деди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ашъарийлар ғазотда озиқ-овқат танқислигига учрашса ёки Мадинада оилаларининг егулиги озайиб қолса, ўзларидаги бор нарсаларини бир матога тўплаб, кейин уни ўрталарида бир идишда баб-баробар тақсимлашади. Бас, улар мендан ва мен уларданман» (Иккови Имом Бухорий “Саҳиҳ”идан).
Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Амаким бобоси Абдуллоҳ ибн Мусъабдан ривоят қилиб айтди: “Ярмукда Ҳорис ибн Ҳишом, Икрима ибн Абу Жаҳл, Суҳайл ибн Амр шаҳид бўлдилар. Мазкурлар енгилиб ётганларида уларга сув келтирилди. Шунда бир-бирларига илиндилар, ҳар гал бир кишига тутилганда фалончига бер, дерди. Токи ичмай вафот этдилар. Икрима сув сўраганида Суҳайлнинг ўзига қараб турганини кўриб: “Унга бер”, деди. Суҳайл эса Ҳорис қараб турганини кўриб: “Унга бер”, деди. Сув унга етиб бормасдан ҳаммалари вафот этдилар.
Юқорида келтирилган мазкур ояту ҳадислар юксак меҳр-шафқатдан даракдир. Бугунги кунда тобора камайиб бораётган бу туйғу қанчалар нодир бўлиб қолгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Ҳатто ака-ука, опа-сингил бири бошқасидан моддий жиҳатдан фарқ қилади: опа ёки акани қаранг – жуда камбағал, сингил ё ука эса ўта бой. Бунақа ҳолатларни бугун жуда кўп учратиш мумкин.
Саодат асрида эса ҳатто ўлим онида турган бўлишса-да, дўстларига сув илинишяпти, озиқ-овқатларини ўртага қўйишиб, ҳаммага баб-баробар бўлишишяпти.
Дунёнинг турли бурчакларида оч-яланғоч юрган дўсту биродарларимизга эътибор беринг, улар ҳар хил уруш қурбонлари бўлишди. Майли, биз бу ердан туриб бирор егулик ёки бошқа эҳтиёжларига яраша нарса жўнатолмасмиз, лекин ҳеч йўқ дуо қилиб қўяйлик, Аллоҳ таоло уларга ҳам тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, мўл ризқу насиба ато этсин.
Кунда бир бора мусулмон дўстларимизни эслаб, улар учун дуога қўл очишимиз ҳам меҳру шафқатдан эмасми, азизлар?!

Баҳодир қори Раҳматов,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси