03.05.2023

Бағрикенглик – маърифатга асосланувчи олий қадрият

Бағрикенглик тушунчаси адолат ва сабр тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ. Бағрикенглик фақат бардош, яъни бошқа дин вакиллари амалга оширадиган ҳар қандай ишга сабр қилиш эмас. Бағрикенгликнинг асоси – адолат. Жамиятдаги қонун-қоидалар ва ҳуқуқий нормаларни жамият аъзолари орасидаги турли дин, миллат ҳамда ирқ вакиллари орасида бирдек адолат билан қўллаш, бошқаларнинг диний ёки маълум ўзларига хос, қонунга хилоф бўлмаган ҳаракат ва тадбирларига, тутумларига чиройли муносабатда бўлиш, ғазаб ёки нафратни “изҳор” қилмаслик деганидир.
Аллоҳ таоло бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган. Қуръони каримда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят), деб марҳамат қилинган.
Бағрикенглик орқали турли миллат ва дин вакиллари орасида муҳаббат уйғонади. Бу эса мамлакат тараққиёти, тинч-тотув ҳаётнинг муҳим асосидир. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”, деб марҳамат қилганлар. 
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир кишининг қайси динга мансублигидан қатъи назар, аввало, унинг инсонлиги учун одамийлик нуқтаи назаридан ҳурмат  қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. 
Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қиладилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан одамлар тобут кўтариб ўтишди. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин саҳобалар унинг яҳудий эканини айтишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У руҳ эгаси – инсон эмасми?!” – дедилар”.
Демак, Ислом дини мусулмонларни ўз диндош биродарларига ва барча инсонларга яхшилик, меҳр-мурувват қилишга чорлаш билан бир қаторда, ўзаро тинчлик ва тотувликда бўлган бошқа дин вакилларига ҳам яхшиликда ва меҳр-шафқатда бўлишларига буюрган.
Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади. 
Ўзбекистон халқи азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келган. Қадимдан заминимизда яшаган миллат ва элатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўйу маъракада кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашган.
Истиқлол йилларида республикамизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилди. Фуқаролар эътиқодларидан келиб чиққан ҳолда диний ташкилотларга бирлашиб, мустақил ҳуқуқий шахс сифатида фаолият юритиши, диний мутахассислар тайёрлашлари ва адабиётларни нашр этишлари, диний байрам ва маросимларини ўтказишлари, муқаддас жойларга зиёратлар ташкил этишлари кафолатланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев халқимизнинг дунёқарашида тобора чуқур ва мустаҳкам ўрин эгаллаётган бағрикенглик тамойили тўғрисида  шундай дейди: “Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”.
Турли маданиятга мансуб аҳоли вакиллари ўзаро аҳил-иноқ яшаб келаётган Ўзбекистонда миллий ва диний бағрикенглик ҳукм сурмоқда. Бағрикенглик турли миллат ва элатга дахлдор кишиларнинг, турли хил диний эътиқодли инсонларнинг бир замин, ягона Ватан, бир юртда, бир ҳудудда олийжаноб ғоя, орзу-умид, мақсад ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни англатади.
Ўзбекистоннинг келажаги тинчлик ва бағрикенглик, маданиятлараро уйғунлик ва миллатлараро тотувлик каби омиллар билан чамбарчас боғлиқдир.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда миллатлараро ва давлатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларнинг пайдо бўлаётганлиги дўстлик ва ҳамжиҳатлик қўрғонининг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз–жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир”.

Дийдоржон Аскаров,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
Халқаро Осиё университети магистранти