Тарих китобларида Имом Мотуридий ҳақларидаги маълумотлар
Тошкуброзода раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмининг икки имоми ҳақида шундай деганлар: « Аҳли сунна вал жамоанинг калом илмидаги раиси икки кишидир: бири ҳанафий мазҳабига мансуб Абу Мансур Мотурудий. Иккинчиси эса шофеъий мазҳабига мансуб Абул Ҳасан Ашъарийдир».
Ушбу икки имомнинг ҳаёти ҳақида ёзилган китобларни излаб кўрилса, Ашъарий ҳақларида батафсил маълумотга эга бўлиш мумкин, аммо Имом Мотурудий ҳақларида эса маълумот топиш қийин.
Абу Мансур Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳнинг замондоши бўлган Абул Ҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётлари борасида аввалгию кейинги муаррихлар, ақида илмининг олимлари ва бошқа тадқиқотчи олимлар етарли маълумотлар бериб ўтишган. Мисол учун, 571 ҳижрий санада яшаб ижод қилган Ибн Асокир «Табйину казибил муфтаро фии маа нусиба илал Имом Ашъарий» номли катта асар ёзиб, унда Абул Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида етарли маълумотларни келтирган. Бундан ташқари, шарқшунос олимлар ҳам Имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида китоблар ёзишган. Муҳаққиқ олимлар Ашъарийнинг «Мақолотул исломиййин», «Ибона», «Ламаъ» каби машҳур асарларини нашр қилишган.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётларини ёритиш, асарларини нашр қилиш масаласига келсак, у киши ҳақида 1970-йиллардан кейингина баъзи олимлар китоб ёзишган. Шунга қадар муаррих ва олимлар бу буюк зот ҳақида деярли маълумот беришмаган. Мисол учун, Ибн Надим ўз китобида Мисрда яшаб ўтган Абу Жаъфар Таҳовий ҳақида гапириб, Таҳовийнинг замондоши бўлган Имом Мотурудий ҳақида сўз очмаган. Хатиб Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам «Ал-фарқ байнал фироқ» ва «Усулуд дин» асарларида кўплаб олимлар ҳақида сўз юритган, аммо Имом Мотуридий ҳақида ҳеч нима демаган. Худди шунингдек, Ибн Халликон «Вафоётул аъён» асарида, Софдий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-вофи бил вафоёт» асарида Имом Мотуридий ҳақида маълумот бериб ўтмаган. Ибн Асир «Ал-лубоб фи таҳзибил ансоб» асарида Мотурид қишлоғи ҳақида сўз юритган, Мотуридий олимлар ҳақида оғиз очмаган. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-бидоя ван-ниҳоя» асарида Имом Мотуридийнинг замондоши, мўътазила оқимининг олимларидан бири Каъбийга аҳамият берган, аммо аҳли сунна олими Мотуридийни эслаб ўтмаган. Ибн Имод ўзининг «Шузуротуз-заҳаб» асарида Сомонийлар давлати ҳақида узундан узоқ гапирган, аммо Сомонийларнинг ўша пайтдаги энг буюк олими Имом Мотуридий ҳақида маълумот бермаган. Ибн Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ «Фасл» асарида Имом Ашъарий ҳақида гапириб ўтган, бироқ Имом Мотуридий ҳақида тўхталмаган. Имом Суютийдек олимлар ҳақида батафсил маълумот берган зот ҳам «Табақотул муфассирин» асарида муфассир олимлар ҳақида гапириб, тафсир илмида пешқадам бўлган Имом Мотуридий ҳақида гапирмаган. Ҳанафий мазҳабининг тарихчи олимлари ҳам ўз асарларида Имом Мотуридий ҳақида қисқача маълумот бериб, бу буюк имомнинг даража ва мартабаларига лойиқ таржимаи ҳолини беришмаган. Мисол учун, Насафийнинг «Ал-қанд фии зикри уламоис-Самарқанд» асарини олсак, унда ҳам Имом Мотурудий ҳақида оз бўлса-да маълумот берилмаган.
Ҳанафий олимлар ҳақида кенгроқ маълумот беришга одатланган Самъоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ансоб» асарида Баздавий ва бошқа ҳанафий олимлар ҳақида кенг маълумот бериб, Имом Мотуридийга келганда у кишининг қишлоқлари ва у ердан чиққан олимлар ҳақида сўз юритиш билан чегараланган.
Ҳанафий олимлар табақасини баён қилиш борасида энг биринчи таълиф қилинган китоб ҳисобланган Муҳйиддин Абу Муҳаммад Абдулқодир ибн Абул Вафо Қураший раҳматуллоҳи алайҳнинг «Ал-жавоҳирул музиа» асарида бошқа китоблардан фарқли ўлароқ Имом Мотуридий ҳақларида бироз бўлса-да маълумот берилган, лекин у ҳам бу буюк имомга нисбатан анча оз ҳисобланади. Имом Мотуридийнинг ҳаётлари борасидаги асосий манба ҳам айнан шу китоб ҳисобланади, чунки Имом Мотурудий ҳақларида ёзилган бошқа китоблар ҳам асосан ушбу китобдан нақл қилган. Мисол учун, Ҳожи Халиф ўзининг асарларида, Ибн Қутлубғо «Тожут-тарожим» асарида Имом Мотурудий ҳақидаги маълумотларни «Ал-жавоҳирул музиа» китобидан нақл қилган.
Имом Мотуридий ўз даврида адашган фирқа ва тоифаларга раддия бериш билан Исломга, мусулмон умматига бемисл хизмат кўрсатганларига қарамай, муаррихлар у кишининг таржимаи ҳолларига бепарволик билан қарагани ажабланарлидир. Бу зотнинг таржимаи ҳоллари билан қизиққан киши тарих китобларида бу буюк имом ҳақида етарли маълумот топа олмайди, маълумот топганда ҳам қисқача берилган таржимаи ҳолдан бошқа нарсани учратмайди. Муаррихларнинг бу бепарволиклари Имом Мотуридийдек дин ва мусулмоларга хизмат қилган, адашган оқимларнинг хатоларини баён қилиб, кейинги авлоднинг уларга эргашиб кетишининг олдини олган буюк имомга нисбатан адолатсизлик ҳисобланади. Бу ҳақиқатни мусулмон бўлмаган шарқшунос олимлардан доктор Макдональд ва Игнац Гольдциер ҳам ўз китобларида баён қилиб, муаррихларнинг Имом Мотуридий ҳақида кам маълумот берганларини қоралаб ўтишган . Шайх Балқосим Ғолий «Абу Мансур Мотурудий: ҳаётуҳу ва ароъуҳул ақадия» номли асарида муаррихларни танқид қилиб, шундай ёзади:
«Ҳижрий учинчи асрнинг охири ва тўртинчи асрнинг бошларида шариатни четга қўйиб, ақлни асосий мезон қилиб олган мўътазила тоифаси пайдо бўлди. Улар эътиқодий масалаларда жумҳур уламоларнинг фикрига қарши чиқишди ва жаннатда Аллоҳни кўриш, қабр азобининг ҳақлиги каби аҳли сунна эътиқодини инкор қилишди. Ҳатто Аллоҳнинг каломи Қуръонни ҳам махлуқ деб, одамлар орасида бидъат эътиқодни ёйишди. Ақлга суяниб, саҳиҳ ҳадисларни инкор қилиб, Қуръон оятларни ботил таъвиллар билан тафсир қилишди. Уларнинг бу бузуқ эътиқоди авом халқ орасида тарқалди. Мана шундай таҳликали ҳолатда Ислом олами буларнинг ақлий далилларига раддия берадиган, мусулмонларни ботил эътиқодга эргашиб кетишда тўхтатадиган, нақлий ва ақлий илмларда моҳир ва кучли олимга муҳтож эди. Аллоҳнинг иродаси билан бу шараф Имом Мотурудийга насиб этди. Қиёматга қадар дунёга келадиган барча мусулмонлар у кишининг ҳаққига дуо қилиб ўтишлари лозим. Зеро, Имом Мотурдий мўътазилаларга ҳам ақлий, ҳам нақлий раддия бериб, бу ботил эътиқод ёйилиб кетишининг олдини олдилар. Минг афсуслар бўлсинки, тарих китобларида бутун ислом уммати улуғласа арзийдиган бу зотнинг таржимаи ҳоллари батафсил ёритиб берилмаган».
Хулоса қилиб айтганда, ўз даврида адашган оқимларга раддия бериб, уларнинг хатоларини баён қилган ва мусулмонларга беқиёс хизмат қилган Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётларини кенг ёритиб бермаган тарих бу буюк зот олдида қарздордир .
Имом Мотуридий ҳақида кенгроқ маълумот беришга уринган олимлардан бири Имом Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳисобланадилар. У киши «Фавоидул баҳийя» асарида, бошқа олимлардан фарқли ўлароқ, Имом Мотуридийнинг ҳаёти, устозлари, шогирдлари, ёзган асарлари ва бошқа маълумотлар ҳақида тўхталиб ўтганлар.
Мир Араб ўрта-махсус ислом билим юрти
мударриси Адиз Усмон