Илм олишда эътиборли бўлиш
Бугунги кунда исломий муҳит яхшиланиб, одамларнинг ўз динини билишга, диний манбалардан хабардор бўлишга қизиқишлари ортиб бораяпти. Одамлар гуноҳ ва савоб, ҳалол ва ҳаром, шаръий нуқтаи назардан яхши ва ёмонни ажратишга бўлган урунишлари ортиб, бир-бирларидан мазкур масалалар бўйича савол-жавоблар қилишлари кўплаб учрамоқда. Ана шу ҳодисалар асносида умумэътироф қилган, халқ ўртасида таниқли ва шуҳрат қозонган ҳақиқий уламолар билан бирга ҳар хил одамларнинг билар-билмас гаплари, чала-чулпа «фатво»лари халқ орасида тарқаб, турли-туман гап-сўзларга, фитналарга, кўнгилни хира қилувчи ҳолатларга сабабчи ҳам бўлмоқда.
Бинобарин, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ва бошқалар томонидан бундай дейилган:
انظروا عمن تأخذون هذا العلم فإنما هو الدين
«Бу илмни кимдан олаётганингизга эътибор беринг, зотан, у диндир!». («ал-Кифоя фий илм ар-ривоя», 1/149).
Илм олинглар. Илм билан бирга хотиржамлик, виқор ва ҳилмни (мулойимликни) ҳам олинглар. Сизга таълим бераётган кишига тавозеъли бўлинглар. Сиздан таълим олаётган кишилар ҳам тавозеъли бўлишсин. Жабр қилувчи олимлардан бўлманглар. Илмингиз жоҳиллигингиз устига қойим бўлмасин.
Али ибн Абу Толиб
Ибн Умар деди: “Дин сизники! Дин сизники! Ҳақиқатан ҳам - у сизнинг танангиз ва қонингиз! Динингизни кимдан олаётганингизга эътибор беринг!”(Ал-Кифоя, 122-оят).
Шунингдек Муҳаммад ибн Сирин, Даҳҳак, Имом Молик ва бошқалар айтдилар: “Албатта, бу илм диндир, динингизни кимдан олганингизга қаранг”.(Муслим, 1/23, ад-Доримий, 1/124, ал-Хатиб, 2/92)
Илм олиш барча мўъмин-мусулмонга фарз, ҳар бир инсон бешикдан то қабргача илм ўрганиб бориши лозим. Илм олишда тўхтаб қолмаслиги керак, ўрганиш, тадқиқ қилиш, илмий изланишни қайта-қайта давом қилдиравериши керак. Хайрли ишнинг кечи бўлмайди. Ҳар бир мусулмон Қуръони каримнинг маъноларини билишга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келган ҳадиси шарифларни билишга ҳақлидир. Уларни ўқиб-ўрганишга ҳар бир кимсанинг ҳаққи бор.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг қилинаётган тафсир ва таржималари одамларни билим олишга қизиқтириш мақсадига қаратилган бўлади, улар бўйича ҳукм олиш ёки баҳсу мунозараларга киришиш учун эмас. Бинобарин, ўқиб-ўрганмай туриб, таниқли ва эътироф қилинган устоз олдида ўқиб-ўрганиб, дуо ва ижозат олмагунгача у мазкур илоҳий ва набавий манбалардан гапиришга ҳаққи йўқ, унинг мазкур манбалардан далиллар сўраб-суриштиришига ҳам ҳуқуқ берилган эмас. Чунки, билимсиз одамнинг муайян масала бўйича келтириладиган далилнинг ҳаққоний далил эканини билмагани боис унга далил айтишнинг фойдаси бўлмайди. Саҳобаларнинг орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мўъжиза, исбот, далил сўрамасдан имон келтирган зотлар билан бошқа саҳобаларнинг ўртасида анча фарқлар борлиги маълум. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бошқа барча саҳобалардан афзал ҳисобланиши, уни бутун инсоният орасида «Сиддиқ» дея тан олинишининг сабаби, ул зотнинг далил сўрамасдан имон келтирганлари бўлса ажаб эмас.
Илми етишмайдиган кимсаларнинг оят ва ҳадислардан иқтибослар келтириб, одамларга фатво беришлари ўта оғир оқибатларга олиб келади. Бунга охирги 150 йилда, айниқса, ХХ аср иккинчи ярмидан бошлаб содир бўлган ва бўлаётган воқеаларни мисол қилса бўлади. Ўтган уламоларга ва даврнинг таниқли олимлари сўзларига инонмасдан, ҳар кимнинг оят ва ҳадислардан ўзларича ҳукм олишлари натижасида келиб чиқаётган жаҳолат Ер юзида мислсиз фасодларни келтириб чиқарди. Аслида, аҳли илм бўлмаганларнинг бу илоҳий ва набавий манбалардан иқтибослар келтириб гапиришлари маънавий ва илмий жиноятлардир! Биз буни мазкур мақоламизда таҳлил қилишга уриниб кўрдик.
Кимнингки бирламчи муқаддас исломий манбалардан тўла хабардор бўлиш истаги бўлса, илм ўрганиш имкониятлари кенг, илму ирфон эшиклари унга ҳамиша очиқдир! Авомликдан, оми, билимсиз ва жоҳил бўлиб қолишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!
Баҳодир қори Раҳматов,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси