Оқил нафсига амр этар
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Ҳамду беҳад Унгаким, Ул меҳрибон
Бир ҳовуч тупроққа иймон берди, жон...
Бир ҳовуч тупроқдан одамзотни яратиб жон ато қилган, бутун фаришталарни унга сажда қилдирган, бутун борлиқни, осмон-у, ерни, ой, қуёш, юлдуз ва жамики мавжудотларни инсонларни хизматига ҳозир қилган, мўмину, кофирга осийлиги-ю гуноҳларига қарамай ризқ-рўз, кўришлик, эшитишлик, каби тенгсиз неъматларини бергувчи, қиёмат куни фақат мусулмон бандаларига раҳматини насиб қилгувчи Роҳман ва Роҳийм зотга ўз неъматлари ададича ҳамду санолар бўлсин.
Ул Расули Ҳақки, хайрулнос эди,
Ақрабоси Ҳамзаю Аббос эди.
Биз уларни баски ёд айлаб мудом,
Йўллагаймиз юз дуруду юз салом...
Фарзанд учун муносиб, мўъмина она танлашни, оила тарбияси ва таъминотини ҳалол ва тўғри қилишни ўргатган, ота-онага меҳрли, дўст биродарларга оқибатли, оилага муҳаббатли, ватанга содиқ, динда мустаҳкам, Аллоҳ таолога итоатли бўлишни, жаннатга борар йўлни аниқ кўрсатган, бандалигимизни англатган ва ҳаттоки ўлим тўшагида ётганларида ҳам "умматим, умматим" деб бизни кўрмай туриб жонидан ортиқ суйган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у кишининг яқинлари, оила аъзолари ва саҳобайи киромларига саловату саломлар бўлсин.
Мана шундай ажойиб ва маънога пур бўлган кўплаб мисралар муаллифи бўлмиш буюк мутасаввиф ҳазрат Фаридуддин Атторнинг "Панднома" асарлари ҳам жуда маълум ва машҳурдир. У зот тавҳид яни Аллоҳнинг ягоналигини тан олиш илмлари сабаб Аттор тахаллусини олганлар. Асл исмлари Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Иброҳим мутасаввиф шоир тахминан 1148-йил Эроннинг Нишопур деган жойида туғилган бўлиб адиб ўз шеърларида асосан Аллоҳга бўлган ишонч, муҳаббатга чорлаш, руҳнинг роббисига яқин бўлиши ва ҳаётнинг ҳар жабҳасида Аллоҳга тақво қилишга чорлайди. Айниқса у кишининг "Панднома" асарларида бугунги ҳаётимиздаги деярли барча соҳа вакиллари хулоса олишлари лозим бўлган кўплаб мавзудаги фикрлар баёни келтирилгандур. Шулардан бази мисраларга боқадиган бўлсак шоир оқил киши ҳақида айтадики:
Оқил улким, ҳар нафас шокир эрур,
Нафсига амр этгали қодир эрур.
Оқил инсон шундайки, ҳар нафасида Роббисига шукур айтади. Моддий, маънавий аҳволига қарамай доим шукр айтади. Қанчалик муҳтож ва қийналишига қарамай нафси айтган йўлга юрмай Роббиси ризолигини биринчи ўринга қўяди ва иймон кучи билан ҳатто нафсига амр қилади демоқда. Биргина шу мисранинг ўзи бугунги кундаги жамиятимиздаги порахўрликни йўқотишга қаратилган барча фикр мулоҳазаларни ўз ичиша олади гўё.
Бошқа мисрада айтиладики:
Яхшилик этгил, ёмонлик айлама,
Сен ўзингга беомонлик айлама
Мансаб шундайки, у ҳаммага ҳам берилавермайди. Мансаб ўзи нима? Мансаб бу бошқаришлик билан бирга, бошқа кўплаб инсонларда мавжуд бўлмаган имкониятлар деганидир. Кимгаки, мансаб берилдими Аллоҳ таоло шу мансаб билан айнан шу инсонни синайди. Шу инсон агар Аллоҳдан қўрқса истаса бутун бир миллатга шу мансаби билан ёрдами тегади, уларнинг қанчадан қанча оғирларини енгил қилади. Аллоҳ паноҳ берсин бунинг акси бўладиган бўлса ўз нафсига эргашиб барчага зарари тегиб Аллоҳнинг ғазабига учраши мумкин ҳатто. Бошқа ўринда эса:
Бормагил судхўрга сен, ёндашма то, Чунки душман дейди судхўрни Худо. Азал-азалдан қораланиб, айни пайтда ҳам жуда кўп учраб келаётган судхўрлик муаммосини ҳам шоир тилга олиб ундан қаттиқ қайтариб, шу иш билан шуғулланувчи инсонни Аллоҳнинг душмани деб таъриф берган ҳазрат. Ва яна ёндашма деганда нафақат берувчини ҳаттоки рибо эвазига қарз олишдан ҳам қаттиқ қайтаряптилар. Шунга оид ўринда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Олтинга (тенг қийматдаги) олтин, кумушга (тенг қийматдаги) кумуш, буғдойга (тенг қийматдаги) буғдой, арпага (тенг қийматдаги) арпа, хурмога (тенг қийматдаги) хурмо, тузга (тенг қийматдаги) туз, ўхшашига ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир» деганлар. (Бешовлари ривоят қилишган).
Этибор берадиган бўлсак шоирнинг хҳр бир мисраси чуқур маъно акс этган ҳолда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва Аллоҳ таолонинг барча қайтариқларига хос ва мос тарзда битилгадир.
Ё илоҳий, биз гадоларни ҳама, Ёрлақаб, афв эт гуноҳларни ҳама. Барчамиз ожиз, гуноҳкор бўйла, бас, Сендин ўзга йўқ мадад бергувчи кас.
Одамзот яралган экан хато қилиб келади. Зеро яратилишимиздан мақсад ҳам шунда. Яни, гуноҳ қиламиз, товба қиламиз, бизга берилган шунча неъматнинг "шукрона"си ўлароқ яна унинг ўзига осийлик қиламиз. Унутувчи инсон эканмиз чинакам Роббимизу соф динимизни унутишдан буюк қудрат соҳиби бўлган Роббил аламийндан паноҳ сўраб гуноҳларимизни мағфират қилишидан умид қилиб қолами.
Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Нозимжон Жумаев,
Мир Араб ўрта махсус
Ислом билим юрти талабаси