09.01.2026

ИЛМ АҲЛИНИ КАМСИТМАНГ

Бугунги кунда, айрим кишилар фақат 4–5 та китобни ўқиб чиқиб, ўзларини илм соҳасининг етук мутахассислари, ҳатто даҳолар қаторига қўйишга уринаётган ҳолатлар кўпаймоқда. Улар ўзларини юқори баҳолаш билан бирга, ҳақиқий билим эгаларини танқид қилиб, ҳатто маломат тошларини отишга киришаётгани ниҳоятда ачинарли иш. Бу ҳолатда улар илм аҳлининг шаънини паст қилиш ва обрўсини тўкишга уринаётганлари билан ўзининг ҳақиқий башарасини намоён қилмоқда.
Аслида бу қалбдаги эътиқод ва одобнинг йўқлигидан далолатдир. Иймон нури билан тўлган қалб соҳиби ҳеч қачон ўзига дарс берган устозларини ёки илм аҳлини камситишга қўл урмайди, бунга журъат этмайди. Ҳатто арзимас хатони ҳам улкан айбга айлантириш, устозларнинг номини булғаш ва уларни ғийбат қилиш – бу шайтоннинг кирдикоридир. Бу амаллар, аслида, дин душманлари ва мунофиқлар хоҳлаган ишларнинг бири саналади.
Илм аҳли – пайғамбарларнинг меросхўрлари. Улар ҳақида ёмон фикр билдириш, уларни танқид қилиш, уларни камситиш пайғамбаримизга нисбатан ҳурматсизлик, у зотга нисбатан ҳақорат билан баробардир. Шу боис, қалбида заррача нур, озгина виждони бор киши ҳеч қачон бундай иккиюзламачиликка қўл урмайди.
Ҳақиқий билим – бу нафақат китобларни ўқиш эмас, балки одоб, ҳурмат, поклик ва инсонийликни ҳам ўз ичига олади. Ўзига катта илмий баҳо бериб, устоз ва илм аҳлига маломатлар ёғдириш, уларни менсимаслик, кўнглини ранжитиш, дилини оғритиш – бу нафақат адолатсизлик, балки маънавий қашшоқликнинг ўзгинаси. Қалби иймон нури билан тўлган киши доимо устозларини ҳурмат қилади, уларнинг хато ва камчиликларини кечиради, тўғри тушунади, кези келса дастурхон қилиб оламга жар солмайди.
Шунинг учун ҳар биримиз илм ва маънавият йўлидаги ўз ҳаракатларимизни қайта кўриб чиқишимиз керак. Устозларга ҳурмат кўрсатиш илмнинг ҳақиқий мевасидир. Илм аҳлини танқид қилишда ўта эҳтиёт бўлиш, уларнинг назаридан қолмаслик, ҳурмат ва эҳтиромини ўрнига қўйиш – бу ҳар бир мусулмон учун вожиб. 
Билимни фақат кўз билан эмас, қалб билан ҳам ўлчаш керак. Кичик хатоларни улкан айбга айлантириш, устозларни ғийбат қилиш – бу йўлдан чиққан одамнинг ўзига зарардир. Хар биримиз устозларимизга ҳурмат билан қарашимиз, илм аҳлини қўллаб-қувватлашимиз, ўз билимимизни пок ва самимий мақсадларда қўллашимиз лозим.
Илм ва одоб – бу ажралмас жуфтлик. Илмсиз одоб йўқ, одобсиз илм. Шунинг учун илмни эгаллаш фақат китоблардан эмас, қалбни поклаш ва устозларга ҳурмат билан боғланишдан бошланади.

Эркин ҚУДРАТОВ, 
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мураддиси