Қалб касалликлари: Ислом таълимоти ва ҳаёт ҳақиқатлари
Қалб касалликлари моҳияти ва аҳамияти - Қалб инсон танасининг энг муҳим қисмларидан бири бўлиб, унинг соғлом ёки касал бўлиши нафақат жисмоний ҳолатга, балки маънавий ҳолатга ҳам таъсир кўрсатади. Қуръони Каримда ва ҳадисларда қалбнинг аҳамияти кўп маротаба таъкидланган. Аллоҳ таоло бандаларини на мол-дунёси, на ташқи кўринишига қараб баҳолайди, балки қалблари ва амалларига боқади. Бу ҳақда шундай дейилган:
﴿يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ﴾ (سورة الشعراء/الآية 89-88
“У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас. Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси, 88-89 оятлар).
Шунингдек, Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларини шундай деб ҳикоя қиладилар:
عن النعمان بن بشير رضي الله عنه يقول سمعت رسول الله صلي الله عليه وسلم يقول "أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ" (رواه الامام البخاري عن).
“Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир” (Имом Бухорий ривояти).
Бу оят ва ҳадислар қалб соғломлигининг инсон ҳаётидаги аҳамиятини очиб беради. Қалбни пок сақлаш нафақат маънавий, балки ижтимоий ва жисмоний ҳаёт учун ҳам муҳимдир.
Қуръон ва Ҳадислар асосида қалбни поклаш
Қуръони Каримда қалбнинг аҳамияти ва унинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги ўрни кўп маротаба таъкидланган. Зумар сурасининг 22-оятида шундай дейилган:
﴿أَفَمَنْ شَرَحَ اللَّهُ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ فَهُوَ عَلَى نُورٍ مِنْ رَبِّهِ فَوَيْلٌ لِلْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُمْ مِنْ ذِكْرِ اللَّهِ أُولَئِكَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ﴾ (سورة الزمر/22)
яъни: “Ахир, кўксини Аллоҳ Ислом учун (кенг) очиб қўйган, ўзи эса, Парвардигори (томони)дан нур (ҳидоят) узра турган киши (бошқалар билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган кимсалар ҳолига вой! Улар аниқ залолатдадирлар” (Зумар сураси,
22-оят).
Мўмин инсон қалбини гуноҳ ва турли маънавий касалликлардан ҳимоя қилиши лозим. Ҳадисда айтилишича:
“Агар мўмин киши бир гуноҳ қилса, унинг қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар у тавба қилиб гуноҳдан қайтиб, истиғфор айтса у йўқолади. Аммо гуноҳни зиёда қилса, у қора доғ ҳам кўпаяди ва натижада бутун қалбини ўраб олади” (Имом Термизий ривояти).
Шунинг учун қалбни тоза сақлаш учун Аллоҳни кўпроқ эслаш, тавба қилиш ва тақводорликка интилмоқ зарур.
Қалб касалликлари ва улардан сақланиш йўллари
Ислом таълимотига кўра, қалбнинг энг катта душмани ғийбат, ҳасад, кўролмаслик, кек ва адоватдир. Булар инсоннинг нафақат маънавий ҳаётига, балки жисмоний соғлигига ҳам зарар етказади. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Кулгуни кўпайтирмангизлар, зеро кўп кулиш қалбни ўлдиради” (Имом Бухорий ривояти).
Қалб касалликларидан сақланиш учун инсон аввало ўз қалбидаги иллатларни тан олиши, улардан қутулишга интилиши ва қалбини Аллоҳнинг ёди билан тўлдириши керак. Бунда тавба-истиғфор қилиш, ёмон хулқлардан узоқлашиш ва яхши амаллар қилиш муҳимдир.
Бир куни олис бир қишлоққа табиблар бориб, шу ерлик аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишди. Кўрик давомида уларнинг барчаси жисмоний жиҳатдан соғлом экани маълум бўлди. Аммо бирор киши ҳам қалб касалликларидан шикоят қилмади. Бу ҳолатга ҳайрон бўлган табиблар қишлоқ аҳлидан бундай ҳолатнинг сабабини сўрашди. Қишлоқнинг кекса оқсоқоли шундай жавоб берди:
“Биз ғийбат, ҳасад, кўролмаслик, кек ва адоват каби иллатлардан ҳазар қиламиз. Бирор кимсага нисбатан бундай муносабатда бўлмаймиз. Аксинча, ўзаро ҳурмат ва иззатда яшаймиз. Ана шунинг учун ҳам бирортамизнинг қалб касаллигидан шикоятимиз йўқ.”
Ушбу ҳикоядан маълум бўладики, қалб поклиги инсоннинг яшаш тарзига, унинг бошқалар билан бўлган муносабатига боғлиқдир. Ҳурмат ва меҳр-оқибат устувор бўлган жамиятда қалб соғломлигини асраш осон.
Хулоса ва тавсиялар шундан ибортки, Ислом таълимоти қалб соғломлигини инсон ҳаётининг марказий нуқтасига қўяди. Қалбни соғлом сақлаш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш муҳим:
1. Аллоҳни доим эслаш ва қалбни Унга боғлаш.
2. Ҳасад, ғийбат, кек ва адоват каби иллатлардан сақланиш.
3. Тавба ва истиғфор қилишни одат қилиш.
4. Ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни қарор топтириш.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш.
Ҳаётимизда қалбнинг аҳамиятини чуқурроқ англаш ва уни пок сақлашга ҳаракат қилиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Зеро, қалб поклиги нафақат бу дунёдаги соғлом ҳаёт, балки охират саодатининг ҳам гаровидир.
Дилшод Алиев,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби, “Болои Ҳовуз” жоме масжиди имом хатиби