06.03.2023

Марҳумларга Қуръон тиловатининг савоби етадими.

Ўзбек ҳалқининг гўзал одатларидан бири маййит чиққан ҳонадон аҳлига таъзия изҳор этиб, ўтганлар ҳаққига Қуръон оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлашдир. Бу одат аслида ҳалқимизга Ислом дини таълимоти асосида кириб келган. Қуръон оятлари нафақат  марҳумларга ҳатто уни ўқигувчиларнинг ўзига ҳам манфаатлидир. Аҳли суннат таълимоти бўйича, тириклар томондан қилинган яхши ишларнинг савоби албатта, марҳумларга етиб боради. Бу этиқод ҳалқимизнинг қон-қонига синггиб кетганки, ҳатто уни Ислом дини илмларидан тўлиқ хабари йўқлар ҳам билади. Маҳалла-кўй, таниш-билишлар орасида таъзия бўлса, дарҳол бориб ҳонадон эгаларига тасалли бериб, фотиҳа ўқиб келиш одати ҳам шундандир.
Маййитларга тиловат савобининг етиб бориши уммати муҳаммадиянинг ижмоъси билан исботланган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур “Ал-азкор” номли асарида айтади:
”Тириклар дуосининг ўтганларга манфаъати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмоъ қилганлар”.
Шунингдек, имом Нававий ҳазратлари имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагича ривоят қилган:
ويستحب أن يُقرأ عند الميّت شىء من القرءان وإن ختموا القرءان عنده كان حسنًا
Яъни, “маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқишлик мустаҳабдир, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб хатм қилинса, янада яхши бўлади”.
Имом Шофеъийнинг бу сўзлари “тиловат савобини бағишлаш ҳаром”, деган ваҳҳобий-салафийларнинг барчасига қарши ҳужжат бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, اللهم اغفر لاهل البقيع , “Эй Аллоҳ Бақиъ қабристон аҳлини кечиргин”, деб дуо қилганлари машҳур ҳадисларда келган. Ва яна, жаноза намозининг ўзида ҳам учинчи такбирдан кейинги ўқиладиган дуода “тирикларимиз ва ўтганларимизнинг гуноҳларидан ўт”, деб дуо қилинади. Маъқал ибн Ясорнинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
اقرءوا يـس على موتاكم
“Ўликларингизга Ясин сурасини ўқинглар”, деган тавсиялари айтилган.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган бир ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кун қабристондан ўтар экан, тўсатдан икки ёнма-ён қабр олдида тўхтайдилар ва асҳобларига бирон новда келтиришни буюрадилар. Асҳоблар дарҳол хурмо новдасини келтиради, Расулуллоҳ новдани иккига бўлиб, иккала қабр устига санчиб қўяди. Бу ҳолга ажабланиб қараб турган саҳобаларга Ул зот: “Шу икки қабр эгалари қабрида азоб чекишмоқда, уларнинг бири бавлидан сақланмас, иккинчиси эса бировларнинг айбини ташиб чақимчилик қилар эди. Зора, шу новда қуригунча уларнинг азоби енгиллашса..”, дедилар. Худди шу ҳадиснинг шарҳида имом Нававий айтганларки: “Оддий бир новданинг айтган тасбиҳларидан қабр аҳлига манфаат бўлса, инсон зоти ўқиган оятларнинг қандай нафи бўлмасин?! Албатта, Қуръон оятларининг нафи новданинг тасбиҳидан кўпроқ бўлади”.
Ислом динидаги инсон вафот этгандан сўнг уни хотирлаш, ортидан хайрли дуолар қилиш, қилинган яхшиликларнинг савобини бағишлаш каби гўзал кўрсатмалар унинг инсонийлиги, яхшилик ва эзгулик дини эканидан нишонадир. Қуръони каримда мусулмонлар ўз ўтмишдошларини хотирлаб, хақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат, дея таърифланган.

                                   Абубакр Мустафоев
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси