23.10.2023

Сийла раҳм фазли

“Сийлаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сийла” – боғлаш, “раҳм” – қариндош (онанинг бачадонини ҳам раҳм, дейилади), яъни “қариндош уруғлик алоқаларини боғлаш” деган маънони билдиради. 
Сийлаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир.
Сийлаи раҳмга энг ҳақдор кишилар ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошлардир.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган.
Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади:

وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ

яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси, 21-оят).
Аллоҳ таоло яхшиликларга буюради, ёмонликлардан қайтаради. Буюрилган яхшиликлар ичида муҳимларидан бири сийлаи раҳм қилишдир. Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

«Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур» (Наҳл, 90).
Ояти карималарда қариндош уруғлик алоқаларини узганларга қаттиқ таҳдид қилинади:

فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ

яъни: “Агар (иймондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир” (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини ҳадиси шарифларида таъкидлайдилар. У зот умматларини сийлаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар.

وعن أَبي هريرة رضي الله عنه أن رَسُول الله صلى الله عليه وسلم قَالَ: "... مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ باللهِ وَاليَومِ الآخِرِ ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ ..." مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...ва ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин...”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

وعن أنسٍ رضي الله عنه أن رَسُول الله صلى الله عليه وسلم قَالَ " من أحَبَّ أنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزْقِهِ ، ويُنْسأَ لَهُ في أثَرِهِ ، فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ ) مُتَّفَقٌ عَلَيهِ .

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ризқи кенг, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошлик алоқасини узишдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ», дедилар». 
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг отаси яхши кўрган одамларга сийлаи раҳм қилиши яхшиликларнинг яхшисидир», дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Абу Авфдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ораларида қариндошлик алоқасини узувчиси бор қавмга раҳмат тушмайди», дедилар».
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», дедилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  марҳамат қиладилар: “Сийлаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Сийлаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.
Уламолар айтишадики: «Киши қариндошлари орасида бўлса, ўзаро ҳадя ва зиёрат ила боғланиб туриши вожиб бўлади. Мол билан марҳамат кўрсатишга қодир бўлмаса, зиёрат қилиш, ишларига ёрдам бериш билан боғлансин. Агар бунинг ҳам иложи йўқ бўлса, улар билан хат орқали боғланиб турсин. Боришга имкони бўлса, боргани афзал».
Сийлаи раҳмда ўнта мақталган хислат бор: 1.Аллоҳ таолонинг розилиги бор, чунки Аллоҳ таоло шунга буюради. 2.Мўминларга хурсандчилик етказиш бор – бу ҳақда хабар келган. 3.Сийлаи раҳм билан фаришталар хурсанд бўладилар. 4.Сийлаи раҳмда мусулмонларга яхши мақтов бор. 5.Иблисга ғам етказиш бор. 6.Сийлаи раҳмда умр узаяди. 7.Ризқда барака бўлади. 8.Марҳумлар хурсандлиги бор, чунки ота-она ва боболар ортларида қолганларнинг сийлаи раҳмидан мамнун бўладилар. 9.Дўстлик кучаяди, чунки бир сабаб билан қавм-қариндошлар тўпланишиб, қувонч ёки ғамда бир-бирларига шерик бўладилар ва бу ҳол уларда дўстликнинг кучайишига сабаб бўлади; 10.Ўлгандан кейин ҳам ажрининг кўпайиши бор. Чунки қариндошлар ортидан дуо қиладилар, ҳамма вақт яхшиликларини эслаб юрадилар.
Аллоҳ таоло барчамизни сийлаи раҳмни узмай, уни тутиб турувчи бандаларидан қилсин! У Зот барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Мақсуд Акрамов,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти 
Қироат фани мударриси