07.03.2023

Ислом-Экстремизмга қарши

“Экстремизм” тушунчаси Ислом динининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар с.а.в.нинг ҳадисларида қайта-қайта келган “ғулув” (الغلو), “туғён”(طغيان) , “ҳаддан ошиш”  (تعدي الحدود)каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимотида уларнинг барчаси қораланган ва мусулмонлар бундай амаллардан қайтарилган. Масалан, Қуръони каримда ғулув лафзи бир нечта оятларда келган ва уларнинг барчасида Аллоҳ таоло бандаларини ғулувдан кайтарган. Жумладан: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтингиз! ...” (Нисо, 171). Яна бошқа бир ояти каримада: “Айтинг: “Эй, аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида, 77).
Диний илми етарли бўлмаган кишининг ҳам ўзгаларга фатво бериши мумкин эмас. Акс ҳолда одамларнинг адашишига сабабчи бўлиб қолади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир. Бундай кимсаларни илмдан гапиришга ҳаққи йўқ. Авф ибн Молик р.а.дан ривоят қилинади, у киши: “Одамларга илмдан фақат амир, ёки маъмур, ёки мутакаббир гапиради”, дедилар (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти). Яъни одамларга ваъз айтишга фақат давлат раҳбарининг, ёки у томонидан ижозат берилган олим кишиларнинг ҳаққи бор. Улардан бошқа ким воизлик қилса, демак бу унинг мансабпарастлигидан, ўзига бино қўйганлигидандир. Аллоҳ таоло бундай кишилар ҳақида шундай деган: “Ўзи Исломга даъват қилинаётганда (уни қабул қилиш ўрнига) Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Аллоҳ золимлар (кофирлар) қавмини ҳидоят этмас”. (Саф,7).
Экстремистик оқимга кирган кимсаларнинг гумроҳлиги шундаки, улар фақат ўзларига ўхшаган кишиларнинг гапига қулоқ солади. Унга чин дилдан, самимий насиҳат қилиб, тўғри йўлни кўрсатган олимнинг гапига кўнмайдилар. Булар ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган: “Парвардигорининг оятлари билан насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқдир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз”. (Сажда, 22).
Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: “Учта амал бор, ким шулардан бирортасини қилса, у жиноятчидир: Ким ноҳақлик устига байроқ тикса, ким ота-онасига оқ бўлса ва ким золимга ёрдам берса”. Ибн Аббос р.а. Каъбанинг деворига суяниб туриб шундай дедилар: “Эй, Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг нақадар улуғ. Лекин, агар мен сени етти маротаба бузиб вайрон қилганимда ҳам битта мусулмонга бир марта озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”. Ваҳб Ибн Мунаббиҳ айтадилар: “Бани Исроилнинг уламоларидан бири етмиш сандиқ илмий китобларни тўплабди. Ҳар бир сандиқнинг катталиги етмиш зироъ келарди. Аллоҳ таоло ўша замоннинг пайғамбарига ваҳий қилибдики: “Айт бу олимга, агар сен бундан яна бир неча баробар кўп китоб жамлаганингда ҳам сенда учта иллат бўлар экан, бу илмдан сенга фойда бўлмайди. Дунёга муҳаббат, шайтонга ошналик ва мусулмонга азият етказиш”.
Хулоса шуки, динда ғулувга кетиш инсоннинг динини ҳам дунёсини ҳам ҳалокатга элтади. Бас, “... ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”. (Бақара, 195).

                                                                             Шаҳобов Шермуҳаммад
                      Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти 4-босқич талабаси