24.05.2025

Амир Шоҳмурод (1749-1800)

Амир Шоҳмурод (1749-1800) амирлик тахтига чиққунга қадар бозорда ҳаммоллик қилган, пичоқларга қин ясаб сотган. Унинг илм-фанга иштиёқи баланд эди. Ёшлигида бир неча йил Мир Араб мадрасасида таҳсил олади. У бошқа фанлар қаторида тасаввуф илмини ҳам ўрганади ва сўфиёна турмуш тарзи унинг ҳаётига айланади. Буни Садри Зиё (1865-1932 йй.)нинг қуйидаги маълумоти ҳам тасдиқлайди: "Шоҳмурод Мир Араб мадрасасининг битта ҳужрасида кеча- кундуз риёзат чекиб илм олиш билан шуғулланган ва халқ орасида «Амир Жаннатмакон» лақаби билан танилган. Амирлик тахтига чиққач (1785), ўз лавозимига белгиланган маош билан кун кўрган, ҳадя ва тортиқларни қабул қилмаган". ХІХ аср иккинчи ярмида Бухорода бўлган венгер шарқшуноси Ҳерман Вамберининг гувоҳлик беришича, Амир Шоҳмурод даврини бухороликлар "Саодат асри" деб айтишар экан.

У Бухоро мадрасасида "Ҳидоя”, Байзовийнинг "Китоб усул ад-дин" асаридан ҳамда Шотибийнинг асарлари ва унга ёзилган шарҳлардан дарс берган. Шоҳмуроднинг ўғли Мирийнинг ёзишича, Шоҳмурод "Шотибия" ва унинг шарҳларини ёддан билган. Шунингдек, у қироат, ҳадис ва фиқҳ илмлари билимдони бўлган ва умрини талабаларга дарс беришга сафлаб, кўплаб шогирдлар етиштирган. Амир Шоҳмурод мадраса талабаларига солиқлардан тушган даромад ҳисобидан нафақа (стипендия) тўлашни жорий этган.

Акбар Замоновнинг "Ўрта аср тарихий шахсалари ҳаётининг айрим номаълум саҳифалари " китобидан