02.10.2024

Бухоро амирлигида тасввуф илми узвийлиги ва ижтимой маданий ҳаётга уйғунлиги ҳамда таъсири

Annotatsiya: 

Mazkur maqolada Buxoro amirligi davrida ilm-fan va islom ilmlari rivoji unda Buxoro amirlarining faoliyatlari ijtimoiy ma’naviy muhit va davrning  o‘ziga xos xususiyatlari tahlil etilgan. Xususan, amirlikda Qur’on, hadis, fiqh va tasavvuf ilmlarini o‘rganishga bo‘lgan rag‘bat kishilar ma’naviy hayotidagi o‘rni birlamchi manbalar asosida ochib berilgan.
Аннотация:В данной статье развитие науки и исламских наук в Бухарском эмирате в ней анализируется деятельность бухарских эмиров, особенности социально-духовной средыи эпохи. В частности, в эмиратестимул к изучению Корана, хадиса, фикха и тасаввуф раскрыт на основе первоисточников, роль которых в духовной жизни людей.


Abstrak: 

Inthisarticle, the development of scienceandIslamicsciencesin the BukharaEmirate, itanalyzes the activities of the Bukharaemirs, the peculiarities of the socio-spiritualenvironmentandepoch.Inparticular,in the emirate, the incentivetostudy the Koran,Hadith,Fiqhandmysticism is revealedon the basis of primary sources, the role of whichin the spirituallife of people.
Kalitso‘zlar: ma’naviyat, ilm, ma’rifat, tasavvuf, hadis, fiqh, tafsir, insonparvarlik, madaniyat, makonvazamon, ijtimoiyhayot, axloq. 
Ключевые слова:духовность, наука, просвещение, суфизм, хадис, фикх, тафсир, гуманизм, культура, пространство и время, общественнаяжизнь, мораль.
Keywords:spirituality, science, enlightenment, mysticism, hadith, Fiqh, tafsir, humanism, culture, spaceandtime, sociallife, morality


Кириш


Бухорода тасаввуф ва унинг инсонпарварлик ғоялари ислом дини билан бир вақтда  кириб келди, десак, хато бўлмайди. Чунки, исломнинг тавҳид ғояси, Қуръон маърифати, нафсни тарбиялаш, илм ўрганишга, ахлоқий ислоҳ бўлишга ундовчи оятлар, инсон ва унинг яралиши билан боғлиқ ҳикматлар ислом илмлари қаторида тасаввуф илмининг ҳам шаклланиши ва ривожланишга туртки бўлди. Шу билан бирга тасаввуф жамият ҳаётида ўзига хос ислом дини тарғиботини мустаҳкамлашда, одамларни покликка, ҳалол меҳнат қилишга, зулм ва зўравонликлардан тийилишга ундади. Сўфий кишилар турмуш тарзи маънавий-ахлоқий қиёфаси халқни ҳалимликка, ахлоқий комилликка эришишда ибрат намунаси бўла олди. Тасаввуф халқни тарихнинг энг мураккаб даврларида мафкура бўлиб ҳимоя қилди, маънавиятни юксалтирди. Инсонларни ҳурфикрликка бағрикенгликка, руҳий юксалишга ўргатди. Сўфий шайхларнинг кароматлари хориқулодда одатлари, халқни шарқона маданиятнинг энг нозик эстетик, этик жиҳатларини намоён этди. Ҳукмдорлардан тортиб оддий кишиларнинг қалбига кириб борди. Улар халқнинг оғирини енгил қилишга эркин яшашга, жамиятни ижтимоий, маданий ва иқтисодий ривожланишига катта ҳисса қўшдилар. 
Mavzuga oid adabiyotlar tahlili
Бухоро – ислом оламининг маърифий қуббаси сифатида тасаввуф илми билан VIII асрдаёқ танишган. Бунга сабаб исломни қабул қилиш жараёнида илмга урғу берилганлиги ва бу жараёнда Абу Ҳафс Кабир Бухорий (IХ аср) каби мўътадил ислом уламоларининг фаолият кўрсатганлигидир. Шу жиҳатдан Бухоро амирлигига (XVIII асрга) қадар бўлган Бухоро тасаввуф илмининг тарихий илдизларини шартли уч даврга бўлиш мумкин:
1) Илк давр (VIII-Х асрлар);
2) Олтин давр (ХII-ХV асрлар);
3) Узвий давр (ХVI- ХVIII асрлар).
Бухоро тасаввуф илмининг илк даври (VIII-IХ асрлар) тасаввуф таълимоти билан танишиш, ўрганиш, қабул қилиш ва назарий асосларини ёритиш билан характерланади. Бунда  айниқса, Абу Бакр Муҳаммад бинни Исҳоқ Калободий-Бухорийнинг (Х аср) фаолияти муҳим ўрин тутади. [1.128.]. Абу Бакр Калободий Бухоро шаҳрининг Гулобод маҳалласида  туғилган, ўзининг дунёга машҳур тасаввуф назариясини ўргатувчи китоби “ат-Таъарруф” ҳам айнан шу шаҳарда дунёга келган. Тасаввуфшунос олим Б.Намозов “Абу Бакр Калободийнинг энг катта ижодий хизмати шундаки, у ўзининг “Ат-таарруф” асарида анъанавий ислом ва тасаввуф орасидаги муайян ўртачилик йўлини топишга ҳаракат қилган. Мана шу ўртачилик йўлини топишга, анъанавий ислом ва тасаввуф таълимотини келиштиришга кейинчалик Абу Ҳомид Ғаззолий ат-Тусий ҳам уринган”[2.3.]-деб таъкидлаган. Демак, Абу Бакр Калободий тасаввуф олими Ҳанафийлик мазҳаби фақиҳи ва араб тилида илк бор тасаввуф назариясини тизимлаштириб берган орифдир. Тасаввуф илмини Шайх Қосим Форисдан (Х аср) ўрганган ва унинг “Маъони ал-ахбор” (Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг маънолари) ҳамда “ат-Таъарруф ли мазҳаб аҳл ат-тасаввуф” (“Тасаввуф аҳли мазҳаби билан танишиш”) тасаввуфий асарлари нафақат Бухорода, балки бутун ислом оламида тасаввуф назарияси бўйича муҳим ва асосий қўлланма сифатида қабул қилинган.Абу Бакр Калободийнинг “ат-Таъарруф” асари Бухоро тасаввуф илмининг пойдевори ҳисобланади.[3.128.] Бу асар ҳақида машҳур мутассаввиф Шайх Яҳё Суҳравардийнинг (ХII аср) қуйидаги сўзлари машҳур: “Агар “ат-Таъарруф” бўлмаганида, биз тасаввуф нималигини билмас эдик”.[4.128] Бу асарда тасаввуф назарияси Қуръони карим ва ҳадиси шариф аҳли сунна ва жамоа ақидасига мос тарзда ёзилган. 
Бухоро мозорлари тарихини ёзган Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорий мутасаввиф номини ҳурмат билан тилга олиб “Абу Бакр Калободийнинг ҳолу аҳволлари баёнга муҳтож эмас. Заҳмат чекиб ораста (поклаш) беришдан кўра ўзлари орастадир” [5.72]- деб ёзади.
Эътибор берилса, “ат-Таъарруф” тасаввуф илми қомусидир, шу сабабли у Бухорода яратилган кишида фахр уйғотади ва бу асардан кейин Эрон ҳамда Араб мутасаввифлари Бухорога интилган. Абу Бакр Калободийнинг шогирди Абу Иброҳим Исмоил бинни Муҳаммад ал-Мустамлий (ХI аср) “ат-таъарруф” асарига “Шарҳ ал-Нур ул-муридин” номли шарҳ ёзган ва бу билан ислом тасаввуф илми тўлиқ асосланган. Бу асар Ўзбекистонда Тошкент вилояти имом хатиби Ж. Раупов [6.]томонидан янгидан таржима қилинди.  Абу Бакр Калободийга замондош   ва бир юртда истиқомат қилиб ўз даври ва кейинги замонлар учун катта мерос қолдирган Калобод маҳаллсидан чиққан олимлар кўпчиликни ташкил этган. Бухорода тасаввуф билан бирга ҳадис илми шаҳар маънавий-маърифий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожланди. Абу Бакр Калободийга замондош муҳаддис Абдуллоҳ ас-Субазмуний (ваф. 872 й.) Бухорода турли даврларда яшаб ўтган 42 та ровий ва муҳаддислар ҳақида хабар беради.[7.58.]. 
Абдулкарим Самъоний (1113–1167) “Ал-Ансоб” (“Насабнома”) китобида Мустамлий ҳақида шундай маълумотларни келтиради: “Абу Иброҳим Исмоил Мустамлий Бухоро аҳлидан бўлиб, муфассир эди. Бухорода кўп олимлардан таълим олган. Бу кишидан баъзи муҳаддислар ҳадис ҳам ривоят қилишган. ....Фақиҳ ва муҳаддис киши эдилар. Ҳижрий 434 (милодий 1043) йили зулқаъда ойининг ўн олтинчисида, душанба куни пешиндан кейин вафот этган” [8.99].


Talqin va natijalar


Демак, Бухоро тасаввуф илмининг илк даври тасаввуф асосларининг яратилиши устоз шогирд анъаналарининг давомийлиги бу ўлкада нафақт тасаввуф илми балки, ислом илмларининг ҳам ривожланишига муҳим омил  бўлган. Бухоро тасаввуф илмининг олтин даври (ХII-ХV асрлар) тасаввуфни оммалаштириш ва  Хожагон – Нақшбандийлик тариқатини таъсис этиш билан характерланади. Бу жараён Юсуф Ҳамадонийдан (XII аср) бошланиб Хожа Аҳрор Валий (ХV аср) билан ниҳояланади. Бу даврда Юсуф Ҳамадонийнинг (XII аср) “Рутбатул ҳаёт”, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг (XII аср) “Рисола”лари ва Хожа Аҳрор Валийнинг (ХV аср) “Рисола”лари Али Сафийнинг (ХV аср) “Рашоҳот айн ул-ҳаёт” асари муҳим ўрин тутади. [9.45.]
Бу даврда “силсилаи заҳаб” (олтин силсила) Хожагон – Нақшбандийлик тариқати таъсис этилгани муҳим ҳодисадир:[10.55.].



Муҳаммад алайҳиссалом

Абду Бакр Сиддиқ + Али ибн Абу Толиб

Имом Ҳусайн

Муҳаммад Боқир

Жаъфар Содиқ

Боязид Бистомий + Жунайд Бағдодий

Абулҳасан Ҳарақоний

Абулқосим Гургоний

Абу Али Формадий

Хожа Юсуф Ҳамадоний (ХI аср)

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (в. 1179 й.)

Хожа Ориф Ревгарий (в. 1317 й.)

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (в. 1317 й.)

Хожа Али Ромитаний (в. 1326 й.)

Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий (в.1354 й.)

Сайид Амир Кулол (в. 1370 й.)

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (в. 1389 й.)

Хожа Муҳаммад Порсо (в. 1419 й.)

Хожа Алоуддин Аттор (в. 1400 й.)

Хожа Яъқуб Чархий (в. 1447 й.)

        Хожа Аҳрор Валий (в. 1490 й.)

Мазкур тариқат тасаввуф назариясида Жунайд Бағдодийнинг (вафоти 910 йил) мўътадил ирфон концепциясига асосланади. Жунайд Бағдодий ўзининг “Расоил” асарида баён қилишича, унинг концепцияси қуйидаги тўрт тамойилга асосланади:
1) Одоб
2) Суҳбат
3) Илм
4) Амал. [11.135.]
Бу концепция Хожагон-Нақбандийлик тариқатининг назарий асоси сифатида қабул қилинган ва унга асосан Хожа Абдулҳолиқ Ғиждувоний (ХII аср) ҳамда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (ХIV аср) томонидан тариқатнинг қуйидаги 11 амалий қоидаси ишлаб чиқилган:
1. Ҳуш дар дам – қалб, нигоҳ ва фикрни огоҳ этиш;
2. Назар бар қадам – фаолиятда огоҳ бўлиш;
3. Сафар дар ватан – маънавий ва жисмоний ҳаракатчанлик;
4. Хилват дар анжуман – омма орасида ҳам Аллоҳни назарда тутиб туриш;
5. Ёдкар – мудом Аллоҳни қалбда зикр қилиш;
6. Бозгашт – қалбдаги Аллоҳ зикрини тилда ҳам такрорлаб юриш;
7. Нигоҳдошт – тафаккурда чалғимаслик;
8. Ёддошт – илм ва амални тенг олиб бориш.[12.7-11]
Нақшбанд қоидаси:
9. Вуқуфи ададий – зикрдан маъно уқиш;
10. Вуқуфи замоний – зикр вақтида тафаккурга эришиш;
11. Вуқуфи қалбий – зикрда англанган сирни қалбда сақлаш.[13.17.]
Шундан келиб чиқиб,Бухоро тасаввуф илмининг бу даврини “силсилаи заҳаб” номига мос равишда олтин давр деб аташ мумкин. Шуни Бухоро Тасаввуф илмининг олтин даврида умумтасаввуф руҳида ижод қилган мутасаввифлар ҳам бор эди. Улардан бири Бухоро  фаолият олиб борган ва XV асрнинг I ярмида яшаб ўтган Сайид Қосимийдир.
Сайид Қосимий ўзига хос мутасаввифлардан бири. Унинг тасаввуфий қарашларининг шаклланишига Қуръон ва ҳадислардан ташқари икки йўналиш кучли таъсир кўрсатган: 1) умумтасаввуф вакиларининг қарашлари; 2) туркий тилли ижодкорларнинг ғоялари дейиш мумкин. 
Бу масалада Сайид Қосимий ҳазрати Жунайд Бағдодий (вафоти 910 йил), Абу Бакр Шиблий (вафоти 946 йил), Муҳаммад Ғаззолий (вафоти 1111) ва Фариддидин Аттор (вафоти 1221) тасаввуфий қарашларини чуқур ўзлаштирган. У бу ҳақда ўз асарларида кичик ҳикоялар келтириш билан ишора қилган. Ўзининг “Мажмаъ ул-ахбор” (Хабарлар тўплами) асарида “Ҳикояти Шайх Жунайдраҳматуллоҳи алайҳ” келтирилган.  Жунайд Бағдодий бир куни абгор ва хор итни кўриб:
Дедики: “Бу мендин эрур яхшироқ,
Пири хирод қошида боиттифоқ [14.85.].
Ит – ўз соҳибига садоқатли бўлиши билан Жунайд Бағдодийда важд уйғотган эди. Шу сабабли Қосимий дейди:
Маҳрам эсанг воқифи асрор бўл,
Гул била гул, хор била хор бўл[15.93.].
Маълумки, Жунайд Бағдодий тасаввуфда саҳв – мўътадиллик йўли асосчиси, у “зикри Қалб” кашфиётчиси ҳисобланади. Унга кўра, Ҳақ зикри овоз чиқармасдан Қалбда айтилади ва англанган ҳақиқатлар ҳар кимга айтилмайди. Чунки илоҳий ҳақиқатларни ҳамма қабул қилавермайди, уни фақат хослар (тушунадиганлар) қабул қилади. Бундан ташқари, Жунайд Бағдодий йўлида турли расмий ва одатий таъқиқлар йўқ, аксинча, инсонни ҳурмат қилиш бош масала ҳисобланади. Бу хусусиятлар кейинчалик Бухоро Хожагон-Нақшбандийлик тариқатида қабул қилинганлиги маълум. Демак, тасаввуф ва тариқатларнинг Бухорода  бардавом бўлишлиги унинг узвийлигини ҳам асарлар оша таъминлаган алломалар мероси орқали англаш мумкин.Тасаввуф Бухорода назарий асосга эга бўлди. Исломнинг инсонпарварлик моҳияти тасаввуфда намоён бўлди. Буни мутасаввифлар ирфон соҳиблари ориф кишиларнинг мазкур илмни ворисийлик тамойилларига таяниб ривожлантирганлиги унинг узвийлигини таъминлади. Шу билан бирга тасаввуф ижтимоий ҳаётга яқинлашди.Хонқоҳ шайхлари риёкорлиги, хилватнишинликдан ҳурфикрлиликка ва  ихтиёр эркинлигининг ахлоқий моҳиятини англатишда асос бўлди.Жамиятнинг турли қатламларига кириб борди. Халқнинг дардини ташвишларини узоқлаштиришга ҳалол меҳнат қилишга жубр ва зулмга қарши туришга ўргатди.Одамларнинг турмуши тафаккурига кучли таъсир кўрсатиб анъаналар қадриятларни ислом тамойиллари асосида қарор топишига бойитилишига  хизмат қилди.
Рус шарқшунос олими О.Ф.Акимушкин фикрига кўра, Жунайд Бағдодийнинг “Расоил” асарида Мутлақ Борлиқ (тавҳид) ва уни англаш назарияси ишлаб чиқилган. Унга кўра, Мутлақ Борлиқ – бу Илоҳ  барча мавжудлик Ундан келиб чиқади (жамъ), шу маънода инсоннинг моҳиятини ташкил қилувчи Руҳи ҳам Мутлақ Борликдан ажралиб чиққан ва Руҳи ана шу ҳақиқатни англаш учун бу дунёда изтироб чекади. Руҳ ўз ҳақиқатини англаб борган сари турли ихтилофлардан покланиб боради ва англанган ҳар бир ҳақиқатни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилавермайди.
Сайид Қосимий “Мажмаъ ул-ахбор” асарида “Ҳикояти Шайх Шиблий алайҳир раҳмат”ни келтиради. Бир куни Шайх Шиблий бир кишидан буғдой харид қилади ва уйига келиб қараса буғдой ичида бир қумурсқа келибди. Шиблий уни буғдой олган жойига олиб боради ва ини ёнига қўяди. 
Сайид Қосимий бу воқеада Шиблийни нафақат инсонга, балки чумолига ҳам озор бермайдиган киши сифатида кўради. Чунки Шиблий:
Айтди: “Мурувватдин эмас мўри зор,
Тушса йироқ манзилидин дилфигор [16.123.]
А.Д.Кныш фикрича, Шайх Шиблий ҳазрати Жунайд Бағдодий мактабига мансуб сўфийлардан бири. Айни пайтда, у ҳурфикр бўлиб нозик маъноли нутқларида ва шеърларида Мутлақ Борлиқ файзини куйлаган. Самоъни хуш кўрган, Мансур Ҳалложга (вафоти 922 йил) қарши гувоҳлик беришни сўраганида ўзини девоналикка солган (чунки Шариатда девонага чора кўрилмайди). Чуқур маъноли фикрларини  жазава вақтида айтган (шатаҳиёт) ва аллегория (ишорат) билан сўзлаган. Шиблий тасаввуфда Жунайд Бағдодий ва Мансур Ҳаллождан кейинги энг машҳур шахс ҳисобланади.
Саййид Қосимий тасаввуфий қарашларининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган мутасаввуфлардан бири Шайх Фариддидин Аттордир (вафоти 1221). У Атторнинг “Илоҳийнома” асаридаги тасаввуфий руҳдаги “Аёл ҳақидаги ҳикоя”сини шеърий таржима қилиб, “Илоҳийнома” асарини яратган:

“Илоҳийнома”ни Аттор бу дур,
Давайи сийнаи афгор бу дур.
Они турки била Қосимий айди,
          Маъоний гуҳарини элға ёйди.
           Чу эрди Шайх руҳидин талабгор,
          Анга ҳал бўлди ушбу мушкил асрор[17.201.].
Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асари XIV асрдаёқ туркий тилга таржима қилинган эди. Саййид Қосимий эса унинг бутун ижоди ва қарашларидан хабардор бўлган. Демак, Аттор ва Ғаззолий меросидан баҳраманд бўлган ва Бухоро тасаввуфини ирфон, ҳикмат ва фалсафа билан бойитган  Саййид Қосимий мероси кейинги давр тасаввуфий қарашларига ўз таъсирини кўрсатган ва уларнинг узвийлигини таъминлаган.
Talqinvanatijalar
Хулоса қилиш мумкинки, Бухорода илк тасаввуф даври намояндалари меросини ўрганиш кейинги давр тасавуф ва тариқатларнинг ирфоний ва фалсафий асосларини ўрганиш имкони билан бирга тасаввуфнинг Бухородаги ривожи ва узвийлигини билиш имкониятини ҳам беради. 
Саййид Қосимий ҳазрати Мавлоно Ҳайдар Хоразмий воситасида Шайх Низомиддин-Ганжавий асари ғоялари ва ҳикоялари асосида ўз асарини яратган. У ўз асарида Ҳайдар Хоразмий воситасида Шайх Низомиддин-Ганжавийнинг тасаввуфий ғояларидан озуқа олади. Демак, Саййид Қосимий мисолида даврлар оша тасаввуф ғоялари тамойиллари анъанавий тарзда ўтиб келган. Бир-бирига алоқадоликда ва ўзаро таъсирда ривожланган. Бухоро ўлкасида кейинги асрларда жамият ҳаётига таъсир кўрсатган тасаввуфнинг асл моҳиятини исломнинг инсонпарвалик ғояларини тарғиб этишдаги ўрнини кўрсата олган.
Зеро, Саййид Қосимий тасаввуфий қарашлари шаклланишида Қуръон, ҳадис, машҳур тасаввуф вакиллари ва туркий тилли мутасаввиф ижодкорлар ғоявий таъсир кўрсатган.Бухоро ҳудудида яратилган тасаввуфга оид асарларнинг умумтасаввуфийғоялар руҳи билан суғорилган қисми мавжуд бўлиб, бу қисм олтин даврнинг назарий масалалари шаклланишига ижобий таъсир кўрсатган.
Бухоро амирлиги тасаввуф илми тарихий илдизининг учинчи даври узвий даврдир (XVI-XVIII асрлар), бу давр Хожагон-Нақшбандийлик тариқатининг давом этиш вақтидир. Унда Бухоро Жўйбор Ҳожалари фаолияти муҳим ўрин тутади. Бу силсила Бухоро яқинидаги Жўйбор қишлоғидан бўлиб, унинг асосчиси Маҳдуми Аъзам Косонийнинг (вафоти 1543 йил) шогирди Хожа Муҳаммад Ислом Жўйборийдир (1493-1563). Мазкур зот Хожагон-Нақшбандийлик тариқатини ўз даври эҳтиёж ва талабларидан келиб чиқиб, “Мени уч сифат қувонтиради: мўмин қалб, ёшликдаги тавба ва ёшланувчи кўз” ҳадисига мувофиқ тарғиб қилган.[18.15.] Бу концептуал ёндошувнинг маъноси қуйидагича:
1) Мўмин қалб – ҳар бир шахс Қалбилдаги иймон нури уни тариқатга қабул қилишга асос бўлади;
2) Ёшликдаги тавба – тариқатда ёшликдан шахсни қабул қилиш маълум, бироқ ёшидан қатъий назар оддий фуқаро ёки шоҳ тавбага юзланса, тавба қилса уни тарбиялаш лозим;
3) Ёшланувчи кўз –дард чека олувчи ҳар қандай киши тариқат асосларига хиёнат қилмайди.
Бу ўзига хос ёндошув Хожагон-Нақшбандийлик тариқати имкониятларини янги шароитда кучайтирди, натижада Хожа Муҳаммад Ислом Жўйборий ва унинг авлодлари XVI-XVII асрларда Бухородаги Шайбоний ҳамда Аштархоний ҳукмдорларини Хожагон-Нақшбандийлик тариқатига итоат эттирди.[19.187-188.] Шу тариқа Бухоро тасаввуф илми тарихий илдизларининг Узвий даври ўзига хос хусусиятларга эгалиги билан ўзига хос аҳамият касб этади. 


Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1. Акамушкин О.Ф. ал-Калободи.  Ислом. Энциклопедический словарь. –М.: “Наука”. 1991. –С.128 
2.Намозов Б. Абу  Бакр  Калободий тасаввуфий қарашларининг фалсафий  асослари.-Тошкент: Фан нашриёти, 2009.-Б.3.
3.Калободий А. Б. Ат-Таъарруф. –Т.: Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 2002. –Б.115.
4.Акамушкин О.Ф. ал-Калободи.  Ислом. Энциклопедический словарь. –М.: “Наука”. 1991. –С.128
5.Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорий. Тарихи муллозода.Тошкент, 2009. –Б.72.
6.Ат-таъарруф лимазҳаби аҳли тасаввуф (тасаввуф аҳли йўли билан танишув) [матн]/ масъул муҳаррир Ж.Раупов-Тошкент:”Azmir nashr print”-2022.-324.б.
7.Муротов Д. Бухоролик  ҳанафий ровийлар. ЎзМУ  90 йиллигига бағишланган Республика илмий-амалий анжумани материаллари. 2008.-Б.58. 
8.Абдулкарим Самъоний. “Насабнома”. “Бухоро”, 2004,-Б. 99.
9.Хожа Юсуф Ҳамадний. Рутбат ул-ҳаёт. Т., 2004. Хожа Аблдулҳолиқ Ғиждувоний. Асарлар. –Т., 2003.-Б.45. 
10.Хожа Аҳрор Валий. Табаррук рисолалар. –Т., 2004. Али Сафий. Рашоҳот айн ул-ҳаёт. –Т., 2005 –Б.55.
11.Алишер Навоий. Насайим ул-муҳаббат. // Тўла асарлар тўплами. –Т.: “Фан”. 2001.-Б. 135.
12.Ориф Усмон. Ғиждувоний таълимоти. –Т.: “Фан”. 2003. –Б.7-11.
13.Комилов Н. Тасаввуф. –Т.: “Ўзбекистон”. 2009. –Б.17.
14.Сайид Қосимий. Маснавийлар мажмуаси. – Т.: “Фан”. 1992. –Б. 85.
15.Сайид Қосимий. Маснавийлар мажмуаси. – Т.: “Фан”. 1992. –Б.93.
16.Сайид Қосимий. Маснавийлар мажмуаси. – Т.: “Фан”. 1992. –Б.123 Сайид Қосимий. Маснавийлар мажмуаси. – Т.: “Фан”. 1992. –Б.123
17.Сайид Қосимий. Маснавийлар мажмуаси. – Т.: “Фан”. 1992. –Б. 201,
18.Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб. –Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 1993. –Б.15.
19.Акимушкин О.А. Нақшбадийа.  Ислом. Энциклопедический словарь. –М.: “Наука”. 1991. –С. 187-188. Иванов П.П. Хозяйство Джуйбарских шейхов: к истории феодального землевладения в Средней Азии в XVI-XVII вв. М-Л.: “Наука” 1954.
20.Ҳасанхожа Нисорий. Музаккири аҳбоб. –Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 1993. –Б.15.