30.04.2024

Мазҳабсизлик – мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид

 

Минг афсуслар бўлсинки, ХХ аср сўнггида мусулмон оламида ислом ниқоби остида яна бир таҳдид – мазҳабсизликка чақирувчилар тоифаси пайдо бўлди. Улар халқ тилида бемазҳаблар дейилади. Бемазҳаблар омма, мусулмонлар орасида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар аҳли сунна вал жамоа олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган, якдил тўхтамга келинган.
Ҳозирги кундаги баъзи мазҳабсизларнинг ёки сохта “салафийлар”нинг “Мазҳабга эргашиш бидъат”, “Имомга эргашиш суннатдан юз ўгиришдир” деган даъволари пуч эканини кўрамиз. Аксинча фиқҳий мазҳабларнинг тарихий илдизи буюк саҳобалар ва улуғ тобеъийнлар асос солган муносиб йўл эканига гувоҳ бўламиз. 
“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйи¬ча муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Бугунги кунда дунёдаги тахминан 1,3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92,5 фоизини суннийлар ташкил этади. Улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинадилар: Ҳанафийлар 47 фоиз, Шофеъийлар 27 фоиз, Моликийлар 17 фоиз, Ҳанбалийлар 1,5 фоиз.
Бу тўрт мазҳаб ўртасида катта фарқлар кўзга ташланмайди. Жуда кўп масалаларда бир хиллик мавжуд. Ўрталарида фақат жузъий ихтилофлар мавжуд. Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик Ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала Ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.
Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335–1393) “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китобида: “Кўплаб мазҳаблар орасида фақат тўрттасининг сақланиб қолгани, асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган.
Имом Нафровий раҳимаҳуллоҳ: “Тўрт имомдан бирига эргашмоқ вожиб эканига мусулмонлар иттифоқ қилишган”, деганлар.
Кўплаб уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар. Мазҳабсизлик мужтаҳид бўлмаган кишиларни довдиратиб қўяди. Шу боис Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик энг хатарли бидъатдир”, деганлар.
Ҳанафий мазҳабининг улуғ фақиҳларидан Муҳаммад Зоҳид Кавсарий: “Бемазҳаблик – динсизлик кўпригидир”, деганлар.
Диёримиз мусулмонлари юртимизга ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (Ҳанафий) мазҳаби кўрсатмасига тўлиқ риоя қилиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз зарур. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдиришган. Халқимиз ҳам шу мазҳабга амал қилишган. Дарҳақиқат, Имоми Аъзам мазҳаби мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, айрим ҳолларда юзага келадиган турли зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда.
Мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳлар йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз адашишга олиб боради. РОббимиз барчамизни тўғри йўлда собит қилиб, турли ихтилофлардан узоқ айласин!

Мақсуджон Акрамов,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси