05.09.2023

МУТААССИБЛИК – ИСЛОМГА ЁТ ОҚИМ

 

«Мутаассиб» деган сўз аслида арабча сўз бўлиб, у «ўта берилган», «фидойи», «жонкуяр», «муккасидан кетган», «маҳкам боғланган» деган маъноларни англатади. 
Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор бўлиб, улар кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши демакдир. Мўътабар манбаларимизда ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси кишини дўзахга тортади деб таъкидланган.
Мутаассибликка йўлиққан одамлар ёки гуруҳлар жамиятда ҳар тарафлама беқарорликни вужудга келтиришга, фитна чиқаришга, ваҳима уйғотишга уринади.
Инсоният тарихида бундай эътиқоддан ғаразли мақсадларда фойдаланилган. Мутаассибликнинг пайдо бўлишига диний зиддиятлар, шунингдек, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларнинг ҳал қилинмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мутаассибликнинг асосий сабабларидан бири диний илм, яъни Қуръони карим, ҳадиси шариф ва шариатни етарли даражада билмасликдир.
Диний мутаассиблик деганда маълум бир динда асос бўлган, ушбу дин вакиллари амал қиладиган таълимот ва қоидаларга қарши чиқиш, диний тушунчаларни шариат кўрсатмаларига зид равишда ўзича талқин қилиб, бошқаларни унга эргашишга чорлаш назарда тутилади.
Динимиз мутаассибона ҳаракат, динда чуқур кетиш, ҳаддан ошиш, Қуръон ва Суннатда келган таълимотларга зид равишда ўз фикрига эргашишни қаттиқ қоралайди. Динда ҳаддан ошиш деганда шариат белгилаб қўйган чегарадан чиқиб кетишлик тушунилади. Бу иш ақидада бўлсин, сўз ёки амалда бўлсин, барибир.
Ислом дини мутаассибликни қоралайди, балки бағрикенг бўлишга, бошқаларга нисбатан тўғри бўлишга, яқин бўлишга чақиради. 
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Албатта дин енгилдир. Ким динга қаттиқлик қилса (яъни мутаассибона ёндошса), албатта (дин) уни енгади. Бас тўғри бўлинглар ва яқин бўлинглар”.
Бошқа бир ҳадисда: “Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки, сизлардан олдин ўтганларни динда ҳаддан ошишлик ҳалок қилгандир”, дейилган.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, Ислом дини бирор шахс, гуруҳ, мол-дунёга нисбатан ва обрў-эътибор топиш учун қилинадиган ҳар қандай мутаассиблик ва фирқаларга бўлинишни қоралайди, тарафкашликни жоҳилият ҳолатига ўхшатади.

Абдулбосит Раҳимов,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
Осиё халқаро университети магистранти