Мавлоно Юсуф Қарабоғий
Азалдан Бухоро илм марказларидан бири саналгани боис, дунёнинг турли минтақаларидан толиби илмлар ҳам ушбу заминга келиб илм ўрганиш истагида бўлган. Ана шундай олимлардан, асли озарбойжонлик, аммо умрининг кўп қисмини Бухорода ўтказган, ХVI аср иккинчи ярми — ХVII аср биринчи ярмидаги Марказий Осиё ижтимоий-фалсафий ва илмий тафаккури ривожига муносиб ҳисса қўшган зот Муҳаммаджон Юсуф ал-Қорабоғийдир.
Бу зот муборак улуғ авлиё, тарбиячи, ҳикмат ва калом илмлари устози, факиҳ, тилшунос, тасаввуфшунос олим, шоир бўлиб танилиб, ҳазрати “Охуни Калон” номи билан машҳур бўлган. Олим 1563 йилда Озайрбайжоннинг Қорабоғ қишлоғида туғилган. Илк таҳсилни Шерозда устозидан ўша вақтдаги ижтимоий илмларни, хусусан, фиқҳ, фалсафа, тасаввуфни чуқур ўрганади. Бу фанлар юзасидан тадқиқотлар олиб боради. Устози Мирзажон Шерозий билан Марказий Осиёга келганда (1585) у 23 ёшда бўлган. Қорабоғий устози Шерозий вафотидан сўнг (1587) Самарқандда «Кубравиййа» тариқати таниқли намоёндаси Халилуллоҳ Бадахшийга мурид тушиб ундан мазкур таълимотни ўрганиб, ижозат хати олган. Кейинчалик Юсуф Қорабоғий Халилуллоҳ Бадахшийнинг содиқ муридига айланади.
Олимнинг ҳаёти ҳақида “Самаратул машойих”, “Туҳфат аз зоирин”, каби кўплаб мўътабар манбаларда маълумотлар учрайди. Жумладан, Мутрибийнинг “Тазкират уш-шуаро” асарида Юсуф Қорабоғий ҳаёти ва фаолияти оид қуйдаги маълумотлар келтиради:
“Мавлоно Юсуф Қорабоғий Ироқий шеърда ўз исмини тахаллус қиладилар, олимлар устози “Муллойи нав” (“Янгича қарашдаги олим”) лақаби билан машҳур бўлган мавлоно Мирзожон Шерозийнинг шогирдидирлар. Ушбу 1013 ҳижрийда (1604-1605) Самарқандда ўқитиш ишлари билан машғулдирлар. Илми ҳикмат ва ҳайъат, риёзиёт фанларидан давомли дарслар бериб, кўплаб шогирдлар етиштирмоқдалар. Кубравия тариқатида дарвишлик йўлини босиб ўтмоқдалар ва кўнгил хушлиги учун шеър ҳам ёзиб турадилар. Мулло Сабурий ул зотнинг манави ғазалини менга келтириб берди…”.
Олимнинг мантиқ, фалсафа, жуғрофия, араб тили, риёзиёт, луғатшуносликка доир йигирма тўрт асари сақланиб қолган. Ғазаллар “Девони” ҳам бўлган. Алломанинг “Рисолаи ботиния” (“Ботирий илмлар ҳақида рисола” бу “Етти жаннат” деб ҳам аталади), “Рисолаи хилватия”, (“хилват” шарҳига оид рисола) “Фи таърифил илм”, (Илм таърифига оид) “Рисолаи фи баёнил жуз лайатажазза”, “Мафотиҳ” (Калитлар) каби асарлари Ўзбекистон Республикаси ФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланмоқда.
Бухоро ҳукмдори Имомқулихон ўз даврининг олим, фозил ва донишмандларини йиғиб, улар билан илмий суҳбатлар қурган. Ўзи ҳам сўфиёна шеърлар машқ қилиб турган ва уламолар орасидан шайх Мавлоно Юсуф Қорабоғий суҳбатларини хуш кўрган. Айтиш ўринлики, Бухоро хони Имомқулихон 1642 йилда соғлиги ёмонлашгани (кўз нуридан қолади) сабабли ўз ихтиёри билан тахтни укаси Нодир Муҳаммадга топшириб, Макка сари ҳаж сафарига отланади. Ва 1644 йилда Маккада вафот қилиб Мадина Мунавварадаги қабристонда дафн этилган.
Юсуф Қорабоғий раҳматуллоҳи алайҳ диний ва дунёвий илмларда зукко олими саналадилар. Ривоятларга кўра, Охунд Калон ҳазратлари инсонпарварлик ғоялари билан йўғирилган ғазаллари асносида Бухоро ҳумдорига насиҳатлар қилиб турган. Бу ҳолат баъзида ҳукмдорга хуш келмагани сабаб, у зотга; “Менинг иқлимимдан чиқиб кетинг”, дея иддао қилади. Шундан сўнг буюк олим Бухоро шаҳри ташқарисидаги Сепулон (Учкўприк) қишлоғига яшай бошлайдилар. Алломанинг мазкур ишига изоҳ сўраган ҳукмдорга; “Мен сизнинг иқлимингиздан бошқа иқлимда турибман”, дея жавоб қайтарган. Юсуф Қорабоғий жуғрофий илмларни ҳам пухта билган. Унинг назариясига кўра ер юзи етти иқлимдан иборат. Шу ўринда қайд этиш жойизки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “ Бобурнома” асарини: “Фарғона вилояти бешинчи иқлимдиндур”, дея бошлайди. Демак илм-фанда иқлим масаласи муҳим мавзулардан саналган. Мавлоно Юсуф ҳазратлари бешинчи ва олтинчи иқлим кесишмаси Бухоро шаҳри ҳудудидан ўтганлигини исботлаб бергач, Бухоро ҳукумдори олимнинг заковатига таҳсинлар ўқиган.
Маълум бўлишича бешинчи иқлим “Мовароуннаҳр иқлими”, олтинчи иқлим эса Хуросон иқлими”, дея юритилган.
Мавлоно Юсуф Қарабоғий Бухоро тумани, Сепулон қишлоғида яшаганлар ва шу ерда 1645 йил вафот қиладилар. Мавлононинг қабрлари айни шукунларда Бухоро тумани, Лоша кишлоғи йўлида бўлиб, бу олтинчи кичик ноҳия ҳудудидадир. Ҳазрат Мавлоно Юсуфнинг ўғиллари Шайх Яъқуб раҳматуллоҳи алайҳ бўлиб, бу зоти шариф ҳам ўз замонасининг етук олими эди. Шайх Яъкуб оталарининг ёнига дафн қилинган.
Жалолиддин Сабуров,
Мир Араб ўрта махсус
ислом таълим муассасаси мудири