30.07.2021

НАМОЗГА КИРИШДА ҚЎЛЛАР ҚАЕРГАЧА КЎТАРИЛАДИ?

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва такбири таҳрима, яъни “Аллоҳу акбар” лафзини айтиб намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رضي الله عنه،"أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ كَبَّرَ، وَضَعَهُمَا حِيَالَ أُذُنَيْهِ" (رواه الإمام مسلم).

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим”, – деганлар. Ушбу ҳадисни Имом Муслим ривоят қилганлар.

عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا كَبَّرَ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيَ بِهِمَا أُذُنَيْهِ" (رَوَاهُ الإمَامُ مُسلمٌ).

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (намозга кириш учун) такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар”. Ушбу ҳадисни ҳам Имом Муслим ривоят қилганлар.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا إِفْتَتَحَ الصَّلاَةَ  كَبَّرَ ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى يُحَاذِيْ إِبْهَامَيْهِ أُذْنَيْهِ (رواه الإمام الحاكم والإمام الدارقطني).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар”, деганлар. Бу ҳадисни Имом Ҳоким ва  Имом Дорақутний ривоят қилишган. 
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган “қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад – уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, – деганлар. 
Бу ҳақда “Ал-Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ” китобида:

وَالْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، أَنْ يَمَسَّ بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، لِيَتَيَقَّنَ بِمُحَاذَاةِ يَدَيْهِ بِأُذُنَيْهِ

“Ҳадисдаги тенглаштиришдан мақсад – икки қўлни қулоқларга тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизилади”, дейилган. 
Намозга киришда икки қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш ҳақида “Дуррул Мухтор” китобида:

مَاسًا بِإِبْهَامَيْهِ شَحْمَتَيْ أُذُنَيْهِ، هُوَ الْمُرَادُ بِالْمُحَاذَاةِ، لِأَنَّهَا لَا تُتَيَقَّنُ إِلَّا بِذَلِكَ

“Икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизган ҳолатда такбир айтиш – ҳадислардаги тенглаштиришдан кўзда тутилган нарса шудир. Чунки бусиз тенглашганига ишонч ҳосил бўлмайди”, деб ёзилган. 
Хулоса қилиб айтганда, намозга киришда такбири таҳрима айтилади ва унда қўллар қулоқ баробарича кўтарилади. Бу ҳанафий мазҳабимиз уламоларининг ижтиҳодлари бўлиб, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган. 
Биз ҳам мазҳабимиз асосида намоз ўқимоқчи бўлсак, албатта, ушбу қоидаларга сўзсиз итоат этмоғимиз керак бўлади.

Абдулбосит Раҳимов,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси