25 июл 2021 | 16 зулҳижжа 1442
  • Бомдод 04:50
  • Қуёш 05:35
  • Пешин 13:10
  • Аср 18:20
  • Шом 20:05
  • Хуфтон 21:35

Яратган Роббинг номи билан ўқи.

Алақ сураси 1 оят

Мақолалар

ТЎҒРИ ЭЪТИҚОД ҚИЛИШ НИМА ДЕГАНИ?

 "Ақоид" илмининг асосий ғояси ва кўзлаган мақсади бандаларнинг динга бўлган ишончини, диний эътиқодларини мустаҳкамлаш ҳамда улар тўғрисидаги барча шак-шубҳалардан муҳофаза қилиш, энг муҳими, бошқа барча шаръий илмлар каби бандаларни икки дунё саодатига мушарраф қилишдир. Шy сабабли соф исломий ақийда, банданинг бу дунёда соғлом инсон табиатига хос ҳаёт кечириб, охиратда ҳам саодатманд бўлишига сабаб бўладиган асосий омил саналади. Бу хусусда улуғ мутасаввиф олим Сўфи Оллоҳёр: 

Диёнат беҳидур (илдизидур) илми ақоид
 Томурсиз шоха сув бермак на фоид
дея ақоид илми динимизнинг асосий илдизи эканлиги, бу илдиз асосида бажарилмаган амаллар бандага ҳеч қандай наф келтирмаслигини баён қилганлар.
Ақийда илмининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, унинг нафақат охирги замон пайғамбари олиб келган шариатда, балки ўтган барча пайғамбарларнинг шариатларида ҳам муҳим ва асосий ўрин эгаллаганига гувоҳ бўламиз.
Аллоҳ таоло соф исломий ақийда бандаларга ниҳоятда зарур бўлганлиги сабабли ушбу зарур омилни уларга етказиш ҳамда унинг тақозосига кўра яшашни кўрсатиб беришлари учун кўплаб пайғамбарларни юборган.
Шунинг учун ҳам юборилган барча пайғамбарларнинг дастлабки ва асосий даъватлари ақийда мусаффолигига қаратилган. Маълумки, юборилган пайғамбарлар бир-бирларининг ўринларини тўлдириб келганлар. Кейинги пайғамбар олиб келган шариат ўзидан олдингиларини мукаммаллаштирган. Яъни пайғамбарларнинг ибодат кўрсатмалари турлича бўлиб, янги пайғамбар келиши билан ибодат қилиш  тарзи ҳам такомиллашиб бораверган. Аммо ақийда борасида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган, аввал юборилган пайғамбардан тортиб то охирги пайғамбаргача бир хил, ягона соф исломий ақийда бўлган. Барчалари ягона Аллоҳга ибодат қилиш ва унга ҳеч кимни шерик қилмасликка даъват этганлар. Шунингдек, ўлгандан сўнг яна қайта тирилишлари, яхши амалларни қилган солиҳ кишиларнинг жаннатга киришлари ва ёмон амалларни қилган фожир кишиларнинг дўзахда азобланишлари каби ақийдавий аҳкомларга иймон келтиришга ва шу иймонлари тақозосига кўра ҳаёт кечиришга даъват қилганлар.
Тарихдан маълумки, мазкур пайғамбарларнинг аксар умматлари пайғамбарлари вафот этиб, вақт ўтиши натижасида ўзларига келтирилган илоҳий таълимотлардан чекиниб ақийда масалаларида адашиб кетганлар.
Натижада Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишиб, турли бало-офатларга учраб ҳалок бўлганлар ёки соғлом инсон табиатига ҳар жиҳатдан мос тушмайдиган   даражада бидъат  хурофотларга   ботиб қолганлар.
 Аллоҳ таоло охирги замон пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар этиб юборганида ҳам жуда озчилик кишиларни инобатга олмаганда аксар инсонлар илоҳий таълимотдан узоқлашиб, залолат ботқоқига тамомила ботган эдилар.
Кўплаб асарлар муаллифи таниқли олим Сунъатуллоҳ Бекпўлат (1885-1954) «Ҳазрати Муҳаммад» номли асарида ана шу ҳолатни тасвирлаб қуйидагиларни ёзганлар: "Араблар жоҳилият асрида турли эътиқод ва хилма-хил динда эдилар. Аксар қисм араблар санамларга ибодат қилсалар ҳам, уларнинг ораларида Муваххидлар (ёлғиз Аллоҳга эътиқод қилиб ибодат қилувчилар), дахрийлар (ўлимдан сўнг ҳамма нарса тугайди, шунинг учун бугунги кун билан яшаб қолиш керак, дейдиган тоифа), санавиялар (яратувчи иккита: бири яхшилик яратувчиси, иккинчиси ёмонлик яратувчиси дейдиган тоифа), сабаъийлар (етти юлдуз ва ўн икки буржга ибодат қиладиган тоифа), яҳудий ва насронийлар ҳам бор эди.
Муваххидлар нихоят даражада оз бўлиб, улар Аллоҳ таолонинг борлигини ва ёлғизлигини эътироф этишар ва қайта тирилишга ишонардилар. Булар арабларнинг омматан залолат ботқоқига ботиб қолганларини билар ва ўз ақллари тақозосига кўра Аллоҳ таолога ибодат қилишга уринар эдилар.
 Улар арабларнинг тутган йўллари хато эканлигини айтишар, вақти-вақти билан Аллоҳ таолонинг ёлғизлиги ҳамда қайта тирилиш ҳақида ваъз—насиҳат қилардилар. Улар ҳазрати Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлардан мерос бўлиб қолган яхши одатларга эргашишар ва бир пайғамбарнинг келишини интизорлик билан кутар эдилар.
Ана шундай бир ҳолатда Аллоҳ таоло ўз фазлу марҳамати билан башариятни залолат  зулматидан ҳидоят нурига олиб чиқиши ва нажотбахш мусаффо ақийдани уларга етказиши учун охирги пайғамбарини юборган. Охирги замон пайғамбари ҳам дастлаб инсонларга ақийданинг асосий моҳияти-"Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ"ни етказиш ва шунга кўра ҳаёт кечиришга чақиришни мақсад қилган. Ана шу калиманинг моҳиятини англаб етиш ва шу асосда яшаш ниҳоятда муҳим бўлганлигидан ҳам пайғамбаримиз-пайғамбар бўлганларидан кейинги ҳаётларининг ярмидан кўпроғида, деярли 13 йил давомида инсонларни тавҳид калимасига чақирганлар. Шy йиллар мобайнида у зотга ваҳий орқали нозил бўлаётган илоҳий дастурда ҳам асосан ақийдавий масалалар муолажа қилинган. Натижада ўша пайтдаги инсонларнинг бузуқ эътиқодлари сўнгги илоҳий таълимот асосида ислоҳ қилиниб, такомиллаша борган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида мусулмонларга соф ақийдани ўзлари баён қилиб берар ёки мусулмонлар у зотга савол билан мурожаат  этишар ҳамда олган жавобларини ўз ҳаётларига оғишмай татбиқ қилар эдилар. Бунинг натижасида эса ўша пайтдаги мусулмонлар тафриқа ва фитналардан сақланиб, ягона ва мусаффо эътиқод атрофида бирлашганлар ҳамда улкан муваффақиятларга эришганлар.
 
А.Нажмиддинов
Мир Араб мадрасаси мударриси,
Умар ибн Хаттоб жомеъ масжиди имоми 
 

Тазкира

ҳикмат

 Ашраф Али Таҳонавий айтдилар:

    "Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирор мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилади.
     Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон... деган ифлос киборлари бор.
     Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса, борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Шундай экан, ҚАЛБни зийнатлантириш учун кўп ЗИКР қилинг”.
давоми...

Ҳадис

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки ётоғидан омонликда уйғонса, тану жони соғ бўлса, кунлик емаги бўлса гўёки унда дунёнинг жамики неъматлари бор экан".

давоми...

Наполеон Бонапарт

 Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 
давоми...

Опрос

Мир Араб мадрасасини қурган зотнинг асл исмлари?