09 май 2021 | 28 Рамазон 1442
  • Бомдод 05:00
  • Қуёш 05:30
  • Пешин 13:10
  • Аср 18:00
  • Шом 19:45
  • Хуфтон 21:25

Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни юксак даражаларга кўтарур

Зумар сураси, 9-оят

Мақолалар

Диний терминлар (ҳижрат, жиҳод, шаҳидлик)ни нотўғри талқин қилиш.

Ислом дини ўн тўрт асрдан ошиқ вақтдан буён мусулмонларнинг дастурул- амал дини бўлиб келмоқда. Лекин бу вақт мобайнида жуда кўп синовлар ва фитналарни бошдан кечирди. Хаворижлар билан бошланган бўлинишлар, мўътазилалар, қадария ва жабария каби жуда кўп фирқалар билан давом этди. Аммо Қуръон ва Суннатни маҳкам тутган уламолар томонидан раддиялар берилиб, аҳли суннат ақидаси ва йўли сақлаб қолинди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий каби уламолар адашганлар ғояларини чангдек сочиб ташлашди. Исломнинг қанча асл қоидаларига ҳужумлар бўлса ҳам, Аллоҳнинг марҳамати ва уламоларнинг саъй-ҳаракатлари билан соф манҳаж сақлаб қолинди. Бу фитналар асрлар оша ҳам сусаймади. Бизнинг асримизга келиб фитна ўчоқлари кўпайди ва фитначиларнинг тегирмонига сув қўядиган манқуртлар тўдасини ҳосил қилиш учун замин яратила бошланди. Бунинг энг осон йўли Ислом қоидаларини бузиб кўрсатиш ва бошқаларни бунга ишонтириш эди. Ривожланган тараққиёт замонида интернет орқали ташланган қопқонлар ўз натижасини берди ва кўплаб илмсиз ёшларни ўз домига тортишга эришди. Бу ишларни амалга ошириш учун ғараз мақсадли кимсалар ҳижрат, жиҳод ва шаҳидлик каби тушунчаларни тескари ва нотўғри талқинда тарқата бошладилар. Аслида қандай эди?
Ҳижрат – луғатда “тарк қилиш”, “ташлаб кетиш”, “ўз ватанидан бошқа жойга кўчиш” маъноларида келади. Истилоҳда эса - динига эркин амал қилиш имкони бўлмаганда ва юртида намоз, рўза каби фарз ибодатларни бажариш амри-маҳол бўлгандагина, қодир кишиларнинг бошқа юртга кўчишларини англатади. Уламоларнинг сўзларига кўра ҳижрат танг ҳолат юзага келганида, яъни асосий фарз амалларни бажариш имкони қолмагандагина амалга оширилади. Бунга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига суиқасд қилинганда Мадинага ҳижрат қилишлари ва мусулмонларнинг Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилиб жон сақлаганлари мисол бўлади. Ҳатто Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетаётганларида, қурайшнинг зулми бўлмаса, Маккани тарк этмасликларини айтадилар. Макка фатҳ этилгандан кейин эса, Мадина аҳли билан Мадинада қолиш бўйича келишувлари борлиги учун, Мадинага қайтадилар.  Имом Бухорий  Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган ҳадисда:
عن عبد الله بن عمرو يقول: قال النبي صلي الله عليه وسلم: المسلم من سلم المسلمون من لسانه و يده و المهاجر من هجر ما نهي الله عنه “Мусулмон - унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган киши, муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсаларни тарк қилган кишидир”, дейилган. Яъни ҳижрат шартлари тўлиқ топилиб ҳижрат қилганда ҳам гуноҳлардан сақланмаса комил муҳожир бўлмас экан. Уламолар: “Ислом арконлари тўлиқ бажариладиган юртларни “дорул ҳарб” яъни уруш диёри дейилмайди ва у ердан ҳижрат қилинмайди”, дейишган. Фитначилар эса бундай юртларни “дорул ҳарб” деб эълон қилиб, ва “ҳижрат қилиб бизга келмасанг кофир бўласан” деб, ғўр кишиларни домига илинтирмоқда ва улар эса сабабсиз бомбалар остида ҳалок бўлиб кетмоқда. Агар улар илм олганларида, жонлари бу қадар қадрсиз бўлмасди. 
 Жиҳод – луғатда “жидду-жаҳд билан ҳаракат қилиш” ,  “бор имкониятни ишга солиб, қаттиқ ҳаракат қилиш”  каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса – дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимояси учун шариат рухсат берган йўллар билан амалга оширган жидду-жаҳд ва ҳаракатларини англатади.  Бу таърифга кўра, қачон душман бостириб келса, ҳаммага душманга қарши курашиш лозим бўлади. Фитначилар даъво қилганидек, Сурия ёки Афғонистон каби мамлакатларга бориб, мусулмонларни ўлдириш жиҳод эмас, балки катта гуноҳдир. Бази қора кучларнинг геосиёсий мақсадлари туфайли ташкил қилинган уруш ўчоқларига бориб жанг қилиш, ҳеч қандай жиҳод эмас, балки дунё ҳамжамияти олдида Исломни ваҳший ва жоҳил қилиб кўрсатишдир. Ваҳоланки, Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга Аллоҳ таоло раҳмат қилиб юборган эди.Аллоҳ таоло Анбиё сураси 107-оятида: 
"و ما ارسلناك الا رحمة للعالمين" “Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”, деб марҳамат қилган. Ҳа, У зот келтирган  Қуръон ва Суннат бутун коинотга; жамодот, наботот, ҳайвонот кабиларга ҳам раҳм-шафқат ўлароқ юборилган. Инсониятни жаҳолатдан маърифат ва раҳматга чиқариш учун юборилган. Исломнинг асл моҳиятини бузиб кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. 
Жиҳод сўзи фақат моддий уруш маъносида келмайди, балки маънавий курашни ҳам ифодалайди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: 
"المجاهد: من جاهد هواه" “Мужоҳид - ўз нафсу-ҳавосига қарши курашган кишидир”, дейилган. Инсон ўз нафсини енгиб йўлга солмасдан олдин, қандай қилиб бошқаларни йўлга сола олади.
Шаҳидлик  - Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожеали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик   даражасини топишлиги хабар берилган. Бугунги кунда баъзи бузғунчилар ўзини портлатиб, ўзини ҳам, тинч аҳолини ҳам ўлдирган кишиларни шаҳид деб аташмоқда. Мисол тарзида Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги ғазотлардаги ҳолатларни келтиришади. Аммо ушбу ривоятларда душман билан юзма-юз турган пайтда жангга киргандан кейин ҳалок бўлишни ривоятларнинг зоҳири кўрсатиб турибди. Бу ривоятларнинг бирортаси тинч аҳоли устига портловчи модда билан кириб боришга қиёсий далил бўлолмайди. Ҳатто саҳобалар бирор юртга жанг учун борган бўлсалар ҳам, бир киши азон айтганини эшитиб қолсалар жангсиз ортларига қайтишган. Ғазотларда қуролсиз кишилар, қариялар, аёллар ва ярадорларга умуман тегишмаган. Тинч аҳоли орасига кириб ўзини портлатган шахс, ҳам ўз жонига ва ҳам ўзгалар жонига тажовуз қилган бўлади. Бу ҳолатда унга шаҳидлик эмас, балки гуноҳкорлик мақоми берилади. Аллоҳ таоло Моида сураси 32-оятида:
"من قتل نفسا بغير نفس او فساد في الارض فكأنما قتل الناس جميعا" “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”, деб марҳамат қилган.
 
 
А. Абдуллаев
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрти мударриси, 
Абу Ҳафс Кабир масжиди имом хатиби 
 
 

Тазкира

ҳикмат

 Ашраф Али Таҳонавий айтдилар:

    "Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирор мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилади.
     Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон... деган ифлос киборлари бор.
     Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса, борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Шундай экан, ҚАЛБни зийнатлантириш учун кўп ЗИКР қилинг”.
давоми...

Ҳадис

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки ётоғидан омонликда уйғонса, тану жони соғ бўлса, кунлик емаги бўлса гўёки унда дунёнинг жамики неъматлари бор экан".

давоми...

Наполеон Бонапарт

 Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 
давоми...

Опрос

Мир Араб мадрасасини қурган зотнинг асл исмлари?