25 июл 2021 | 16 зулҳижжа 1442
  • Бомдод 04:50
  • Қуёш 05:35
  • Пешин 13:10
  • Аср 18:20
  • Шом 20:05
  • Хуфтон 21:35

Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни юксак даражаларга кўтарур

Зумар сураси, 9-оят

Мақолалар

Исҳоқхон тўра Ибрат – замонасининг илғор намояндаси

Исҳоқхон Ибрат – (1862-1937) шоир, олим, ношир, педагог, дин арбоби ва ислоҳотчи сифатида умрини Ватан ва миллат манфаатига қаратди. Исҳоқхон тўра Ибрат 14 та илмий – тарихий, лингвистик асарлар ва “Девони Ибрат” шеърлар тўплами муаллифидир. Унинг тилшуносликка оид “Луғати ситатти алсина”, “Жомеъул хутут” асарларидан ташқари тарихшуносликка оид “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият” ва “Мезонуз замон” асарлари ва “Туркистон вилояти” газеталарида чоп этилган 35 та публицистик мақолалари бизгача етиб келган . 
Исҳоқхон Ибрат 1862 йил Наманганнинг Тўрақўрғон қишлоғида туғилган. Қишлоқ мактабида, онасининг қўлида саводини чиқарди. 1878–1886 йилларда Қўқон мадрасасида таҳсил кўрди. 1886 йил Қўқон мадрасасини тугатиб, Тўрақўрғонга қайтиб келди. Ўз қишлоғида эски мактабларга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очди. Бироқ бу мактабда узоқ вақт ишлай олмади. Айрим жоҳил мутаассиблар унинг мактабини “кофирлар мактаби” деб эълон қилиб, халқ болаларини бу мактабдан қайтаришга ҳаракат қилдилар. 1887 йил мактаб ёпилади. 
У 1887 йил 25 ёшида онасини Маккага, ҳаж зиёратига олиб боради. Онаси Ҳурбиби Жидда шаҳрида ўпка шамоллаш касалидан вафот этади. Ибрат онасини Жидда шаҳрида дафн этиб, Шарқ мамлакатлари бўйлаб саёҳатини давом эттиради. Шу билан бирга, у Истанбул, София, Афина, Рим каби Европанинг марказий шаҳарларида бўлади. Қобул ва Жидда шаҳарларида яшаб қолади. 1892–1896 йилларда Ҳиндистоннинг Бомбей ва Калкутта шаҳарларида яшайди. Бу ерда у 4 тилни: араб, форс, ҳинд-урду ва инглиз тилларини мукаммал ўрганади. 
Чет элларда у Шарқ ва Ғарб халқлари ҳаёти, маданияти ва санъатини муқояса этиш имкониятига эга бўлди. Европанинг илғор илм – фанини яқиндан ўраганди. Илмий асарлари учун қимматли материаллар тўплади. У Шарқ халқлари тиллари билан бир қаторда Ғарб халқлари тилларини билиш зарур деб ҳисоблади ва Арабистонда француз тилини, Ҳиндистонда инглиз тилини, шу билан бирга энг қадимий финикия, яҳудий, сурёний, юнон ёзувларини ўрганди.
Исҳоқхон Ибрат бу мамлакатларда Европа усулидаги шаҳарлар, улардаги маданий ҳаёт ва техника янгиликлари билан танишди, замонавий фан ютуқларини эгаллаш учун Ғарб тилларини билиш зарур эканлигини яхши англади. Лекин бу маданий ҳаётдан баҳраманд бўла олмаётган, мустамлака зулми остида азоб чекаётган араб, ҳинд ва бошқа Шарқ халқлари ҳаёти уни изтиробга солади. Исҳоқхон ўз Ватанида кўрган мустамлака зулмининг оғир даҳшатларини чет мамлакатларда ҳам кўрди, ҳамма мустамлака мамлакатларда халқ ҳаёти бир хилда оғир эканлигини тушунади.
Рус тили билан бир қаторда ўнга яқин Шарқ ва Ғарб тилларини анча мукаммал билган Исҳоқхон Ибрат олти тилдаги: араб, форсча, ҳиндча, туркча, сартча (ўзбекча) ва русча сўзларни ўз ичига олган “Луғати ситтати алсина” (“Олти тилли луғат”) номли луғат китобини яратди. Исҳоқхон тўра мазкур асарни яратар экан, биринчи галда рус тилига қизиқувчиларни кўзда тутган. Бу ҳол китобнинг биринчи бетиданоқ кўзга ташланади. Муаллиф русча ёзув тизимини билмайдиганларга ҳам қулай бўлсин учун рус ва Европа сўзларини араб ёзуви билан беради. Маълумки, рус ва Европа сўзларни араб ёзувида ифодалаш анча мураккаб бўлса-да, Ибрат бу ишни мувафаққиятли ҳал қилди. 
Луғат олти тиллик, анча мураккаб, ўзбекча сўзларнинг қаршисида арабча, форсча, туркча, ҳиндча ва русча таржималари берилади. У мингдан ортиқ сўзни ўз ичига олиб, 53 бетдан иборат, икки қисмдан ташкил топган. Биринчи қисм – алифбо тартибида тузилиб, ҳар қайси ҳарфга алоҳида кичик – кичик бобчалар ажратилган. Бу қисмда феълларнинг ноаниқ ва келаси замон шакллари аввал форсча, кейин арабча, туркча, сартча (ўзбекча), ҳиндча ва русча таржималар берилади. Луғат араб ёзувида яратилган ўзбек маърифатпарварлари рус тилини ўрганишга киришган замондошлари талабини бир мунча қондиришга муваффақ бўлди. 
Тилшунослик фанининг мураккаб соҳасида Исҳоқхон Ибрат анча мукаммал “Жомеъул хутут” (“Ёзувлар мажмуаси”) номли илмий асар яратди. Бу асарида муаллиф ёзувларининг энг ибтидоиси – пиктографик ёзувлардан то сўнгги давр энг мукаммал ёзувларигача босиб ўтган тараққиёт тарихини ёритиб беришга ҳаракат қилади. Олимнинг мазкур асари катта ҳажмда 132 бетдан иборат бўлиб, 1912 йили ўз босмахонаси – “Матбаа Исҳоқия”да нашр қилинди. Исҳоқхон бу асарнинг яратилиши тарихи, кўзда тутган мақсади, асарнинг номланиши ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Бул хатларни (нг) боқий ва тариқ қарори муддао бўлиб, ҳам миллатимизга ягона бир тарих қолдирмоқ қасдинда ва ҳам олама бир асар қолдирмоқ ният этуб, бу мисра мужиби:
                     Асардурки оламга ўлғай нишон,
                     Киши беасардур кетар бенишон.
мазмунича ботадвин айлаб, ройи соқиб, арбоби хасм ва арбоби фазлу камолларига манзур қилиб, миллатга нишон қолдириб ҳам миллатимиз лисони туркий учун умумий туркий илан сартия халқини(нг) нафъ олмоғи муддао бўлиб, адабиёи миллиёна қилмай, равшан туркий қилдим. Миллатимиз (нинг) форсийларга иккинчи табъада форсий қилинур ва жами хатларга жомеъ учун “Жомеъул хутут” тасмия этуб, ўз хатимиз ва тилимиз ва ўз матбаамизда табъ қилмоқ мақсад бўлиб, табъи шариф, аҳли расо ва қалби латиф, аҳли заколарга пешкаш қилдим” . 
Исҳоқхон Ибратнинг жаҳон ёзувлари тарихига бағишланган мазкур “Жомеъул хутут” асариннг нашр этилиши ўзбек матбаатчилиги, маданияти тарихида ёзувлар тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлди. Исҳоқхон Ибрат “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Мезонуз замон” каби асарларида ҳам ўзининг педагогик – маърифатпарварлик қарашларини илгари сурди.  “Мезонуз замон” асари Ибрат ижодий меросида алоҳида ўрин тутади. Асар номиёқ эътиборни тортади – замон тарозуси. Олим бу асарида замондаги эврилишлар ва уларга миллатдошларининг муносабати масаласига диққатни қаратади . Асар шартли равишда тўққиз мезондан ташкил топган. Ҳар бир мезонда муайян масала таҳлил этилади. Жумладан, биринчи мезонда янги пайдо бўлган нарсаларга муносабат масаласи таҳлил этилади. Адиб жузъий сўзлар устида жанжал қилиб юрган уламо ва фузалоларни уммат ва миллат хизматини қилмоққа чақиради. Иккинчи мезон миллатни турли фирқаларга ажралишдан қайтариш, иттифоқ ва иттиҳодга чақириш мавзуига бағишланган. Адиб бу мезонда одамларнинг иттифоқ бўлиб яшашлари зарурлиги ҳақидаги оят ва ҳадислардан намуналар келтиради, уларни шарҳлайди. Учинчи мезон судхўрлик, тижоратда хиёнат масалаларига бағишланган. Бу иллатлар миллат таназзулининг бош омиллари сифатида талқин этилган. Тўртинчи мезонда илм, бадавият ва тафаккур ҳақида, авлод тарбияси ва усули савтия мактабларининг миллат ҳаётидаги аҳамияти тўғрисида фикр юритилган. Бешинчи мезонда халқимизнинг аввалги ҳаракатлари ва янги замондаги ишлари хусусида баҳс қилинган. Олтинчи мезон бидъат ва ортиқча сарф – харажатларга ружу қўйиш, фикрсизлик иллатларининг муолажаси хусусида. Еттинчи ва саккизинчи мезонлар либос борасидаги мунозаралар хусусида, ўша даврдаги одамга эмас, либосга ихлос қўйишнинг, дунёпарастликнинг ёмон оқибатлари ҳақида. Тўққинчи мезонда ўтмиш ва замон воқеалари муқояси қилинади. Муҳим хулосалар чиқарилади. Асар матни устидаги кузатишлар шуни кўрсатадики, унинг охири йўқ, тугалланмаган. Лекин шу ҳолда ҳам “Мезонуз замон” Исҳоқхон Ибрат асарлари ичида ўзига хос ўрин тутишини англаш мумкин.
Ибрат 1907 йили янги “усули савтия” мактабини ташкил этди. 1908 йилда жуда катта ишга қўл урди. Уфа ва Оренбург шаҳарларида бўлиб, литографик машина сотиб олди, чопхона ташкил қилди, уни “Матбааи Исҳоқий” номи билан ишга туширди. Матбаада турли китоблар, дарсликлар, рисолалар чоп эттирди. Отасидан қолган 3 таноб ерда халқ учун боғ яратди. Уни “Исҳоқия боғи” деб атади. Қишлоқда ҳозиргача бу боғ мавжуд. Исҳоқхон Ибрат октябрь тўнтаришига қадар ва ундан кейин 20 йилча Тўрақўрғон ва Хонобод қишлоқларида қози лавозимида ҳам ишлаган. Адолат билан иш юритишга ҳаракат қилган.
1937 йил қатағон Ватанимизнинг фозил кишилари қаторида Исҳоқхон Ибратни ҳам аждаҳодай ўз комига тортди. 75 ёшни қоралаган кекса шоир Андижон турмасига олиб кетилди. Ўша ерда азобларга бардош бера олмай вафот этди. 
Мустақиллик шарофати билан Исҳоқхон тўра Ибрат меросини илмий ўрганиш ва оммалаштириш имконияти кенгайди. 
 
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрти мударриси 
Мақсуджон Акрамов
 

Тазкира

ҳикмат

 Ашраф Али Таҳонавий айтдилар:

    "Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирор мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилади.
     Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон... деган ифлос киборлари бор.
     Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса, борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Шундай экан, ҚАЛБни зийнатлантириш учун кўп ЗИКР қилинг”.
давоми...

Ҳадис

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки ётоғидан омонликда уйғонса, тану жони соғ бўлса, кунлик емаги бўлса гўёки унда дунёнинг жамики неъматлари бор экан".

давоми...

Наполеон Бонапарт

 Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 
давоми...

Опрос

Мир Араб мадрасасини қурган зотнинг асл исмлари?