АЛОУДДИН БУХОРИЙ
805 кўриб чиқилди
04.6.2020 йил
Имом, мужтаҳид, аллома, мутасаввиф, султонул аимма Абу Абдуллоҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Ҳанафий ҳижрий 779 (милодий 1377) йили Бухорода таваллуд топганлар.
Бошланғич илмни аввал оталари Муҳаммад ибн Алодан сўнгра тоғалари Ало ибн Абдураҳмон Тошлоқийдан олганлар.
Шу билан бир қаторда Мовароуннаҳр алломаларининг қўлида таҳсилни давом эттирганлар.
Кейинчалик илм талабида кўплаб мамлакатларга сафар қилганлар.
Аввало, ҳинд диёрига қарашли Ҳайдарабодга яқин бўлган қадимий Кулбаржо шаҳарчасида яшаганлар. Шу ерда анча обрў-эътибор қозонганлар. Зоҳидликлари, вараъ ва тақволари эл оғзига тушган. Ҳатто мамлакат подшоҳлари, шаҳар ҳокимлари ҳам келиб бу зотдан сабоқ олишган.
Кейин ҳаж қилиш мақсадида Маккага сафар қилганлар. Каъбатуллоҳга яқин ерда жойлашиб, кўплаб шогирдларга таълим берганлар.
Бир муддат ўтиб Мисрга сафар қилганлар. Қоҳирада амри маъруф ва наҳйи мункар билан машғул бўлганлар. Бу ерда ҳам кўплаб кишиларга маърифат улашганлар.
Ундан кейин Қуддусга сафар қилганлар. У ерда ҳам маъруза қилиб ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлганлар.
Умрларининг охирроғида Дамашққа борганлар. Дамашқда турли фанлардан дарс берганлар. Бўш вақтларида зикр билан машғул бўлганлар.
Фиқҳ, усул, ҳадис, тафсир, луғат, мантиқ, мунозара, балоғат, илмул баён, фасоҳат, тасаввуф илмида пешво бўлганлар. Адабиёт борасида ҳам кўзга ташланганлар.
Алоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳдан адабиёт ва ақлиётга оид илмларни ўрганганлар. Ўзининг аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг шогирди эканликлари билан фахрланиб юрганлар.
Шу билан бирга бу зот кўплаб шогирд чиқарганлар. Шогирдлари ҳам илму маърифатда тенгсиз бўлганлар.
Алоуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ «Ар-радду ъалал вужудия», «Фозиҳатул мулҳидийн ва Носиҳатул муваҳиддин», «Нузҳатун назар фи кашфи ҳақийқатил иншо вал хабар», «Фатаво фи ҳукми ижтимоъир рижоли ва нисо лиззикри», «Ақийдату Алоуддин Бухорий» каби китобларни ёзганлар.
Мўғул ҳукмдорларининг ўз давлат бошқаруви тартибини жорий этишда ислом ҳуқуқшунослигига эътибор беришлари минтақада фиқҳ илми ривожида ижобий роль ўйнайди. Олимлар томонидан минтақада мавжуд муаммоли масалалар ечимига бағишланган кўплаб фиқҳий асарлар ёзила бошлади. Шундай манбалардан бири Алоуддин Бухорийнинг “Ҳайрат ул-фуқаҳо” асари ҳисобланади. Муаллиф ушбу асарни 1356-1358 йилларда ҳукмронлик қилган Насруллоҳ Ботухон сулоласидан бўлган Олтин Ўрданинг сўнгги хони Наврўзбекка бағишлаганлар. Олим ўша даврда мавжуд бўлган муаммоларга катта эътибор қаратганлар ва уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилганлар.
Аҳли сунна вал жамоат эътиқоди, ҳанафий мазҳаби ривожи, эътиқод софлиги учун анча хизмат қилганлар. Ўша пайтдаги турли низоларга барҳам берганлар, оқимларга қарши курашганлар, бидъат ва хурофотларнинг олдини олишда жонбозлик кўрсатганлар.
Алоуддин Бухорий ҳижрий 841 (милодий 1438) йили муборак Рамазон ойининг 5-куни Дамашқ яқинидаги Мизза шаҳарчасида вафот этганлар.
Қудратов Эркин,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси