26 октябрь 2020 | 10 рабиъул аввал 1442
  • Бомдод 06:15
  • Қуёш 07:04
  • Пешин 13:10
  • Аср 16:20
  • Шом 18:00
  • Хуфтон 19:20

Яратган Роббинг номи билан ўқи.

Алақ сураси 1 оят

Мақолалар

ХОТИРА УЙҒОНСА ГЎЗАЛДИР

BATAН ВА ЭЪТИҚОД КУЙЧИСИ
 
Садриддин Салим Бухорий, менинг назаримда, ҳамон куни-кеча Бyxopo кўчаларида сарсари кезган, юрагини кимга очишни, дардини кимга айтишни билмай юрган серҳаяжон, сермулоҳаза ўсмир қиёфасида гавдаланиб туради.
Бир пайтлар мен бу камтарин, камсуқум, хокисор йигитчани укам билан тенгдош, мактабдош бўлгани сабаб оддийгина Садиржон дердим. Биздан бир маҳалла нарида – Чўпбоз гузарида турарди. Қизиғи шундаки, бу маҳаллада собиқ шуро замонида қамоқни кўриб келган бир қатор уламолар истиқомат қилишарди. Шулардан домла Исмоил, Дониёр бобо, Ҳожи Ортиқ, Бобо Халфа, Ҳожи Муслим каби ўз даврининг пешқадам зиёлиларини танирдим. Улар орасида Мулло Наби отли яна бир киши бўларди.
Садиржон шу кишининг ўғли экан. Мулло Наби отамнинг суҳбатларига тез-тез келиб турар, жуда билимли, дилкаш инсон эди. Садиржоннинг волидалари “Биби Мулло” ҳам увоққина, айни пайтда жуда улуғвор, ҳатто катта-кичикни койиганда ҳам “жоним-жоним” дея тергайдиган ўта маърифатли аёл эдилар. У кишининг дуоларини ҳам бир неча бор олганман. Мактабни битириб, ҳамма тенгдошлари ўқишга кирганда, Садиржон кира олмади. Бали юқори бўлса-да, иқболи пастлик қилди. Бир “балохўр” пул сўраган эди, топиб беришолмади. Кетди. Армия сафига. Қардошлар юрти – Бокуда хизмат қилди.
Камина ўшанда институтни битириб, Бухоро радиосида ишлардим. Садриддиндан укам Болта номига тез-тез аскар мактублари келиб турарди. Одатда, бу мактублар, қизиқ ҳангомалар ва топилмаларга бой бўларди. Унинг мактублари соғинч ва самимиятга тўла, уларда мен Ватандан йироқда, кўнгли ярим, лекин айни пайтда иймони бутун бир йигитнинг овозини эшитардим, гўё. Орадан бир-бир ярим йил ўтгач, Садриддин хизматни тугатиб, Бухорога қайтиб келди. Бир куни қимтиниб, тортиниб укамга бир варақ қоғоз қолдириб кетибди:
 
Шиддат билан югурар осмон,
Ортда қолгай офтоб паришон.
Кетаётган булутлар қайтар,
Қут-барака қушиғин айтар.
Шамолингни чақирма, Ҳайдар,
Кетаётган булутлар қайтар....
 
Шеърни радиода эьлон қилдик. Ким бу шеърнинг маъносига тушунди, ким йўқ... Бу шеър билан Бухорода янги шоир туғилган эди. Орамиздаги фарқ тўққиз-ўн еш бўлишига қарамай, аввал ака-укага, кейинчалик чин дўстга айландик.
Энди мен бу йигитни Садирбек деб атайдиган бўлдим. Шу даражага бориб етдики, энди биз нафақат бир бурда нонни, балки ташвишу қувончларни ҳам баҳам кўрадиган бўлдик. Сабр-қаноатни, ота-оналаримизнинг дуоларини ҳам баҳам кўрардик. Дўст-ёрлар, устозлар томонидан бизга кўрсатиладиган меҳр-оқибатни, ҳатто йиллар ўтган сари бировларнинг зимдан билдирган нафрату ҳасадини ҳам баҳам кўрардик. Тўғриси, нафрату ҳасаднинг ўзини эмас, унинг аламларини баҳам кўриб, бирга-бирга дардлашардик. Шунда баъзан сал қизиққонлик қилсам, Садирбек: “Э, қўйинг, акамулло, ҳудога солинг”, дея мени юпатарди. У гўё мен учун сабр-қаноат тимсоли эди.
Ўша турғунлик йилларида уни айрим гуруҳлар айирмачилик қилганларида, ҳатто Масковда оғзига зўри етмаган  айрим маҳаллий  раҳбарлар фалон даҳо фалон миллатники, фалончи фалон миллатнинг фарзанди, дея айирмачилик гулханига лампамой сепганда, у қуйидаги шеърни ёзган эди:
 
Қайдан ҳам аниқлайсан
Ҳавонинг миллатини,
Қуёшнинг миллатини,
Дарёнинг миллатини?!
Даҳо мисли қуёшдир,
Ол зебу зийнатини,
Бошингга урасанми
Даҳонинг миллатини?!
Маълум этмиш ҳаммага 
Алар паст тийнатини,
Паст кимса қайдан билсин 
Самонинг миллатини?!
 
Садриддин бадиий ижодга ўз мавзуси, ўз эътиқоди билан кириб келди. Гўё унинг тили "Она", "Бухоро" сўзлари билан чиққандёк: У Бухоронинг Бухоролигини азалий ва абадий шарифлиқда кўрди. Унинг иймони ҳам, эътиқоди ҳам ана шу шарифлик атрофида шакл ва шамойилга эришди, Садриддин Бухорони бу ёруғ оламда энг олий қадрият деб тушунди. Шунинг учун ҳам аксар шеърдарида Бухоронинг шарифлигани таъминловчи, унинг асрий обидаларини, жаҳон фани ва Маданиятига ҳисса қўшган буюк фарзандларини, Бухоронинг об-ҳавосидек қайноқ қалбли фидокор кишиларини, Бухорони "Қуббат ул-ислом" даражасига кўтаришда хизмат қилган авлиёю киромларни, она шаҳарнинг ўтмишию бугунини қаламга олиб чарчамайди. Бу масалада у ҳеч иккиланмайди. Ҳеч бир томонга оғмайди.
 
Гарчи шараф эмас инсонга оғмоқ,
Оғмачилик гарчи ёмондан ёмон.
Лекин шараф экан дўстгинам, агар 
Оғсанг Ватан томон, миллатинг томон.
 
Шоир доим изланишда, тафаккури доимий янгиланиш-да:
 
Кўлмак дер: "Сокиндир денгиз ҳам!"
Шабнам дер: "Бевафо кундуз ҳам!"
Ялтироқ қурт айтур: "Тун ёниб – 
Кундузи учадур юлдуз ҳам!"
 
У "кўлмак", "шабнам", "ялтироқ қурт" сингари ижодий хотиржамликка берилган лоқайд, ҳаракатсиз, маҳдуд кимсаларни ич-ичидан ёқтирмайди.
Яна мен Садриддинни Бухоро ва эътиқод куйчиси дегим келади. Мана бу мисраларни ўқинг-а:
 
Кимнидир бузди-ку ҳаёт, 
Кимнидир нокас ҳам айлади.
Мен сенга топиндим эътиқод,
Ҳаётга юрагим бойланди.
 
Бесабот айлади тез нажот 
Пасткашлик йўлини сайлади.
Мен сенга топиндим эътиқод,
Саботга юрагим бойланди.
 
 
Бегимон айлади дод-фарёд,
Чўнтакка Ватанни жойлади.
Биз сенга топиндик, эътиқод,
Ватанга юраклар бойланди.
 
“Чўнтак Ватанни жойлаган” эътиқодсиз кимсалар ер юзида камми?
Мустақилликнинг дастлабки ойларида:
Бухорога нур зиё келди,
Имон келди, шарм-ҳаё келди.
Бухорони зулмат этди тарк,
Бухорага Бухоро келди.
 
Эй, Бухоро! Мўйсафид онам!
Сен муқаддас Маккам, Мадинам!
Таърифингга ожиздир қалам,
Бухорога Бухоро келди...
 
дея тўлиб-тошиб куйлаган ҳам Садриддин Салимов бўлади.
У Истиқлол йилларида янада катта ғайрат билан ижод қилмоқда. У Бухоро ориф-авлиёлари, айниқса, Бухоронинг етти пири ҳақида ўнга яқин рисола, анча шеърий тўпламлар муаллифи бўлиб, буюк ватандошимиз Имом ал-Бухорий ҳақида кўп серияли видеофильм сценарийсини ёзиб берди. Гётенинг "Ғарбу Шарқ" достонини немис тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, ўқувчиларга тақдим этди.
Бугунги кунда барча тенгдошлари у кишини камоли эҳтиром билан "тақсир" деб эъзозлайди. Мен эсам, бир пайтлардагидек Садиржон эмас, балки мавлоно Садриддин Салим Бухорий дея бағримга босгим келади.
 
Неъмат Аминов,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Тазкира

ҳикмат

 Ашраф Али Таҳонавий айтдилар:

    "Дунёнинг энг буюк подшоҳи бирор мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилади.
     Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон... деган ифлос киборлари бор.
     Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса, борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади. Шундай экан, ҚАЛБни зийнатлантириш учун кўп ЗИКР қилинг”.
давоми...

Ҳадис

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

"Кимки ётоғидан омонликда уйғонса, тану жони соғ бўлса, кунлик емаги бўлса гўёки унда дунёнинг жамики неъматлари бор экан".

давоми...

Наполеон Бонапарт

 Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса, бутун инсониятга маълум қилди.

 
давоми...

Опрос

Мир Араб мадрасасини қурган зотнинг асл исмлари?