Ҳалоллик фазилати
371 кўриб чиқилди
24.11.2020 йил
Аллоҳ таола бизни фақат ўзига ибодат қилишимиз учун яратган. Шундай экан инсоннинг бу дунёда яшашидан асосий мақсади ҳам унга ибодат қилиш бўлмоғи керак. Аллоҳ таолога ибодат қилиш зотнинг буйруқларини бажариш ва у зот қайтарган нарсалардан қайтиш, ҳалоллик сари интилиб ҳаромдан йироқ бўлиш ила бўлади. Буларга тўла тўкис риоя қилиб, ҳаётини шу тарзда, Аллоҳга тақво қилиб ўтказган инсон икки дунёда саодатига эришади. Тақводор банда эса инсонларнинг Аллоҳнинг наздидаги энг улуғи ва мукаррамидир. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда;
«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир». (Ҳужурот, 13-оят)
Албатта, Аллоҳ бизни ўзига ибодат қилишимиз учун яратгани сабаб, бизнинг қалбимизга ва қилаётган амалларимизга қарайди ва шунга кўра ҳисоб китоб қилади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Албатта Аллоҳ сизларнинг суратларинингизга ва молларингизга қарамайди. Лекин у сизларни қалбларинигизга ва амалларингизга қарайди».
Инсоннинг тақводорлигининг белгиларидан бири уни ҳалолдан ризқланмоғи ва ҳаромдан йироқ бўлишидир. Инсон ҳаёт тарзини ҳалоллик устига қуриб, ҳалолдан еса, ҳалолдан ичса, яъники, тақво қилса, мусийбат келганда, ундан осонлик билан чиқиб кетади, ўйламаган томонидан ризқи келаверади. Охиратда эса иншааллоҳ жаннатга дохил бўлади. Аллоҳ таола бу тўғрисида Қуръони каримда шундай дейди:
«…Ким Аллоҳга тақво қилса, (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна уни ўзи ўйламаган жойидан ризқлантирур…»
Аллоҳ таоло ризқ қилиб берган неъматларнинг энг улуғи бу илм неъматидир. Чунки инсон илм орқали Аллоҳни танийди. Унинг буйруқлари ва қайтариқлари нималардан иборат эканлигини билади. Уларни қай тартибда мукаммал бажариш кераклигини билади. Натижада, Аллоҳни таниб, ундан қўрқиб, ибодатини ўрганган илмига асосланиб мукаммал тарзда адо қилади ва икки дунё саодатига эришади. Бу Аллоҳнинг бандасига қилган энг катта фазлу раҳмати. Инсон тақво қилиши, еб-ичишининг ҳалол бўлишига эътибор бериши орқалигина Аллоҳнинг бу раҳмати, фазлига эришади. Бунга барча уламоларимизнинг ҳаёти яққол мисол.
Имом Шофиъий р.а кунларнинг бирида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал р.а нинг уйларига зиёрат қилишга бордилар. Имом Аҳмад р.а нинг кечани қоим қиладиган, кундузини рўза ҳолатида ўтказадиган, солиҳлар, яхши инсонлар ҳақида эшитишни яхши кўрадиган бир солиҳа қизи бор эди. У имом шофиий р.а ни отаси уни улуғлагани учун кўришни истарди. Имом шофиий уларни зиёрат қилгач, бундан роса хурсанд бўлди. У кишини феъллари қандайлиги кўришини, сўзларини эшитишни истади.
Кечки овқатдан сўнг Имом Аҳмад р.а намозга, зикрга турдилар. Имом шофиий р.а ёнбошлаб ётдилар. Қиз эса уни то бомдодгача кузатди. Тонгда қиз отаси Имом Аҳмад р.а га:
- «Эй отажон! Сиз менга таърифлаб берган имом Шофиий шу кишими?» – деди.
- «Ҳа, шу киши» – деди.
- «Сиздан Имом Шофиийнинг улуғлиги тўғрисида эшитганман, лекин бу кеча бу нарсани кўрмадим, на намоз на зикр на вирд бўлди. Лекин мен унда 3 та ғайритабиий ишни кўрдим»- деди қизи.
- «Улар нима экан қизим?» – деди.
- «Биз унга таом улашганимизда, у тўғрисида эшитганимга хилоф ўлароқ кўп истемол қилди. Хонага киргач намоз ўқиш учун турмади. Биз билан бомдодни таҳоратсиз ўқиди.» –деди.
Қуёш кўтарилгач Имом Аҳмад р.а Имом Шофиийдан улар тўғрисида сўради. Имом Шофиий айтдиларки:
«Эй Абу Муҳаммад! Таомни кўп ейишимга сабаб, сизнинг таомингиз ҳалолдан эканлигини билардим. Сиз карим (саҳий, яхшилиги ва манфаати кўп) инсонсиз. Карим инсоннинг таоми эса шифо. Бахилнинг таоми эса дарддир. Сизнинг таомингиз шифо бўлиши учун тўйгунимча едим. Кечани қоим қилмагинмга сабаб, бошимни ухлаш учун қўйгач, гўё олдимда Қуръон ва суннат борлигини кўрдим ва Аллоҳ мени 72 та фиқҳий масалани жавобига мувофақ қилди. Уни мусулмонларнинг манфаати йўлида тартибладим. Бу масалалар тўғрисида фикр юритишим мени кечани қоим қилишдан тўсди. Сизлар билан бомдодни таҳоратсиз ўқишимга сабаб, кечани уйғоқ тарзда ўтказдим. Кўзим юмулсайиди таҳорат қилардим. Хуфтонниннг таҳорати билан бомдод ўқидим». Сўнг Имом шофиий улар билан жўнаб кетдилар. Имом шофиийнинг бу ишини имом Аҳмад мақтаб қўйдилар.
Буларнинг барчаси ҳалоллик сабабидан эди. Шунинг учун биз ҳам ҳалолликка эътибор берайлик.
Ғаниев Акмалжон
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси