ДОКТОР ВАҲБА ЗУҲАЙЛИНИНГ АСАРЛАРИ
48 кўриб чиқилди
16.2.2021 йил
Фақиҳ, мутакаллим, муфассир, устоз, шайх, доктор Абу Убода Ваҳба ибн Мустафо ибн Ваҳба Зуҳайли ўзларидан бой илмий мерос қолдирганлар. Бу нафақат асарлари бўлсин балки даъватлари, маърузалари ва қимматли насиҳатлари ҳамдир. Айримларнинг айтишича, у зот ўз даврининг имом Суютийсидирлар.
Биз қуйида улардан айримларини санаб ўтамиз:
1. «Исломий фиқҳ ва унинг далиллари» асари биринчи бор 8 мужаллад кейин эса 13 мужаллад бўлиб нашр этилган. У турк, малайзия, инглизча, урдуча ва бундан бошқа тилларга таржима қилинган.
2. «Мунир тафсири» 16 мужаллад. Уни қисқартириб «Тафсиру важийз» бир мужаллад, «Тафсиру васийт» деб уч мужалладда чоп этилган.
Ушбу тафсир китоби турк, форс, малайзия, урду ва инглиз тилларига таржима қилинган. (Ҳозирги кунда ўзбек тилига таржима қилиниб www.quran.uz сайтига қўйиб келинмоқда).
3. «Исломий фиқҳ усуллари» асари икки мужалладдан иборат бўлиб, 1986 йил Дамашқда нашр этилган. Турк тилига ҳам таржима қилинган.
4. 1963 йили докторлик иши сифатида ёзилган «Ислом фиқҳида урушнинг таъсири» асари француз тилига таржима қилинган.
5. «Исломда уруш аҳкомлари ва унинг инсоний хусусиятлари» ҳам француз тилига таржима қилинган бўлиб, муаллиф ушбу асарда ислом оламидаги урушларнинг шариатда тутган ўрни ҳақида маълумот бериб ўтганлар.
6. «Мусулмоннинг ахлоқи» номли уч мужалладдан иборат асари Қуръон ва ҳадиси шарифлардан олинган одоб-ахлоқ қоидаларини ўз ичига олган.
7. «Янги оламда муслималар оиласи» асарида оилавий тотувлик, ўзаро иноқлик, фарзанд тарбиясига урғу қаратилган.
8. «Ислом ва инсоний маданият» асарида инсоният олдида турган вазифалар, унинг жамиятнинг бир аъзоси экани ҳақида эслатма берилган.
9. «Иймон ва ислом усуллари» асарида иймоннинг шохчалари, мусулмончилик вазифалари баён қилинган. Бу асар икки жилддан иборат бўлиб, 2008 йил Дамашқда нашр этилган.
10. «Ҳақ диннинг ягоналиги тўғрисида оммавий усуллар» асари инглиз ва француз тилларига таржима қилинган.
11. «Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари» асарида Пайғамбар алайҳиссаломнинг ташқи кўринишлари, сифатлари, таърифлари зикр қилинган. Ушбу асар 2006 йил Дамашқда чоп этилган. Айни пайтда ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.
12. «Ислом фиқҳини янгилаш» асари Жамол Атийя билан суҳбат тарзида олиб борилган бўлса-да, унда янги асрдаги фиқҳий масалаларга эътибор қаратилган. Асар Дамашқда чоп этилган.
13. «Самарқандийнинг «Туҳфатул фуқаҳо» асаридаги ҳадислар тахрижи» асарида муҳаддислар ҳаёти, ҳадис санадлари ва матнлари баён қилинган.
14. «Оламда ҳуррият ҳаққи» асарида озодлик қадри, унинг буюк неъмат экани ва ундан унумли фойдаланиш зарурлиги эсга олинган.
15. «Исломда давлатлар алоқаси» асарида давлатлар бирдамлиги, халқларнинг ҳамжиҳатлигига урғу қаратилган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошқа давлатлар билан олиб борган сиёсатлари эсга олинган.
16. «Енгил ҳанафий фиқҳи» асари икки жилддан иборат бўлиб, муаллиф бунда ҳанафий фиқҳининг аҳкомларини ўта нозиклик билан келтирганлар. Далиллари ва мисоллари билан баён қилинган ушбу асар кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган.
17. «Енгил ҳанбалий фиқҳи» асарида гарчи ўзлари ҳанафий бўлсалар-да, ҳанбалий мазҳабининг фиқҳий аҳкомларини ояти карималар ва ҳадиси шарифлар билан бойитиб беришга ҳаракат қилганлар.
18. Икки жилддан иборат «Енгил Шофиъий фиқҳи» асарида ҳам шофиъий мазҳабининг фиқҳий аҳкомларини баён этганлар.
19. Икки жилддан иборат «Енгил Моликий фиқҳи» асарида эса моликий мазҳабининг фиқҳий аҳкомларини баён қилиб ўтганлар.
20. «Қуръони карим: шариат кўрсатмалари ва маданий хусусиятлар» асарида Қуръони каримнинг илмий мўъжизаларига урғу қаратилган. Асар инглиз ва француз тилларига таржима қилинган.
21. «Замонавий фиқҳ уюшмаси» асари 8 жилддан иборат. Унда 90 дан зиёд баҳс, рисола ва китобларни жамлаганлар.
22. «Ислом фиқҳида ихчамлик» асари 3 жилддан иборат.
23. «Йиллар сарҳисоби» асарида айни асрдаги баъзи ҳолатлар ниҳоятда аниқлик ва тиниқлик билан очиб берилган. Бу муаллифнинг энг охирги асари саналади.
Муаллифнинг бундан ташқари «Ақидадаги Ислом низоми», «Ҳукм низоми, давлатлараро алоқалар ва Ислом олами муаммолари», «Саъийд ибн Мусаййаб, Убода ибн Сомит ва Умар ибн Абдулазиз» каби улуғларнинг шахсий ҳаётлари таҳлили каби китоблари ҳам бор.
ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари