МУСУЛМОН МУСУЛМОННИНГ БИРОДАРИДИР
285 кўриб чиқилди
18.5.2020 йил
عن عبد الله بن عمر رضي اللَّهُ عنه قالَ: أنَّ رَسولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ قالَ: المُسْلِمُ أخُو المُسْلِمِ لا يَظْلِمُهُ ولَا يُسْلِمُهُ، ومَن كانَ في حَاجَةِ أخِيهِ كانَ اللَّهُ في حَاجَتِهِ، ومَن فَرَّجَ عن مُسْلِمٍ كُرْبَةً، فَرَّجَ اللَّهُ عنْه كُرْبَةً مِن كُرُبَاتِ يَومِ القِيَامَةِ، ومَن سَتَرَ مُسْلِمًا سَتَرَهُ اللَّهُ يَومَ القِيَامَةِ. رواه البخاري
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат кунида унинг айбини беркитади», – дедилар» (Бухорий ривояти).
Дарҳақиқат, мусулмон мусулмоннинг биродари. Улар бир ота ва бир онадан тарқалган. Мусулмонлар ўзаро худди туғишган ака-укадек яшашлари зарур. Ака-укалар ўртасида адоват, нафрат, ҳасад бўлмаганидек, мусулмонлар ўртасида ҳам бу каби салбий сифатлар топилмаслиги керак. Ака-укалар ўртасида меҳр-муҳаббат, шафқат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром бўлгани каби муслмонлар ўртасида ҳам худди шундай ижобий хислатлар узлуксиз давом этиб турмоғи керак.
Ҳар бир мусулмон ана шу қоидага амал қилса, ҳаётини шу тартибда олиб борса, мусулмонларга зулм қилмаса, уларни ўз ҳолига ташлаб қўймаса, ҳожатини раво қилишда ёрдамини аямаса, ташвишларини аритса, ғам-андуҳларини кетказса, қалбига шодонлик бахш этса, айбини беркитса, сирини фош қилмаса, хижолатдан қутқарса, нуқсонини яширса, ислоҳ бўлишига ҳиссасини қўшса, Аллоҳ таоло унинг ёрдамчиси бўлади, қиёмат кунининг ташвишларидан омон сақлайди, ҳожатини раво қилади, камчиликларини беркитади, айбини очиб ташламайди, обрўсини тўкмайди...
Шундай экан, ҳар биримиз фақат ўзимизни ўйламасдан, бошқаларнинг ҳам ғамини ейишимиз, уларнинг оғирини енгил қилиш пайида ҳаракат қилишимиз керак. Негаки бу амаллар туфайли ҳар икки дунёда саодатга эришамиз. Бу дунёда улкан савобларни қўлга киритамиз, қиёмат кунида эса барча ташвишлардан хавфсирамай, эмин-эркин турамиз.
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси