Саҳобалар даврида фиқҳ илми
136 кўриб чиқилди
21.11.2020 йил
Асри саодат пайтида фатво бериш мансабида биргина Расулуллоҳ с.а.в ўтирганлар. Саҳобалар шариат ҳукмларининг жавобини билиш учун Расулуллоҳ с.а.в га мурожаат қилганлар. Расулуллоҳ с.а.в очиқ ва равшан ваҳий орқали фатво берар эдилар. У зот с.а.в нинг қисқа сўзлар билан ифодаланган фатволари ҳам кўплаб ҳукмларга жавоб бўлиб, Қуръони каримдан кейинги ислом шариатининг иккинчи ўзаги, асосидир. Саҳобайи икромлар бу фатволарни ёд олишар ва ҳаётларига татбиқ қилишар эди.
Расулуллоҳ с.а.в даврларида у зотдан бошқа бирор киши фатво бериш билан шуғулланмаган. Лекин Расулуллоҳ с.а.в кўпинча баъзи саҳобаларига фатво бериш ва қозилик қилиш ишини топширар эдилар. Эҳтимол, уларни ижтиҳод ва истинбот қилишга ўргатишни мақсад қилган бўлсалар керак. Бунга Муоз ибн Жабал р.а ни Яманга қози қилганликлари, икки киши хусуматлашиб келганда Амр ибн Ос р.а ни уларни ўртасида ҳукм чиқаришга буюрганлари яққол мисолдир.
Уламолар Расулулоҳ с.а.в даврида бошқаларнинг ижтиҳод қилиши жоиз ёки ножоизлиги борасида ихтилоф қилдилар. Имом Ҳусом аш-Шаҳид “Хассофнинг «қозининг одоби» (китоби) шарҳи” да шундай деганлар:
“Бу тўғрисида 3 хил гап бор:
Расулуллоҳ с.а.в асрида мутлақо (бошқа инсонга) ижтоҳод қилиш жоиз эмас. Чунки ҳукмни у зот с.а.в томонидан билиш имкони бор. Бу эса ( Расулуллоҳ с.а.в баён қилган ҳукм) шаръий далилдир. Шаръий далил маҳалли (бор ўрин) да ижтиҳод қилиш жоиз эмас.
Расулуллоҳ с.а.в дан узоқда бўлганларга жоиз. У зот с.а.в нинг ҳузурида, яқинида бўлганларга жоиз эмас.
Мутлоқ ижтиҳод қилиш жоиз. Биз шу қавлга суянамиз. Бунга далил Муоз ибн Жабал р.а. нинг ҳадиси. Расулуллоҳ с.а.в унга ижтиҳод қилишга мутлақ рухсат берганлар.”
Саҳоба розияллоҳу анҳумлар фатво бериш услублари
Саҳоба розияллоҳу анҳумлар фатво бериш услублари қуйидагича бўлган. Улар бирор масалага дуч келишса, унинг жавобини биринчи бўлиб Қуръони каримдан қидиришган. Агар топсалар у билан ҳукм қилганлар. Агар топа олмасалар, Расулулллоҳнинг суннатидан қидирганлар. Агар ундан ҳам топа олмасалар. Инсонлар жамланган нарсага қараганлар ва (шариатга мувофиқ бўлса) ўшани олганлар. Ундан ҳам топа олмасалар фикрлари билан ижтиҳод қилганлар. Саҳобалардан шу тарзда фатво берганликларига жуда кўплаб мисоллар мавжуд.
Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. айтганлар:
«Агар бир масала тўғрисида сўралсангизлар, Аллонинг китобидан қидиринглар. Ундан топа олмасангиз, Расулуллоҳ с.а.в нинг суннатидан, Расулуллоҳ с.а.в нинг суннатидан ҳам топа олмасангиз, Мусулмонлар ижмо қилган нарсадан, мусулмонлан ижмо қилганлар ичида (бу масала) бўлмаса, фикрингиз билан ижтиҳод қилинг».
Яна бунга Муоз ибн Жабал р.а нинг ҳадисини ва Умар р.а. нинг у кишига ёзган мактубини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Муоз ибн Жабал р.а дан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётиб:
«У ерда бир масала ориз бўлса (дуч келса), қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» – дедилар.
«Аллоҳнинг китоби билан ҳукм чиқараман», - дедим.
«Аллоҳнинг китобида бўлмасачи», - дедилар.
«Аллоҳнинг Расули суннати ила», - дедим.
«Аллоҳнинг Расули суннатида ҳам бўлмасачи?» –дедилар.
«Фикрим билан ижтиҳод қиламан, сусткашлик қилмайман», – дедим.
Расулуллоҳ с.а.в кўксимга урдиларда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вакилини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни рози қиладиган нарсага мувофақ қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин»- дедилар”.
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифга Салафи солиҳлар амал қилиб, фатво беришда саҳобалар йўлидан боришган.
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ғаниев Акмалжон.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг «Усули ифто ва Адабуҳу» китоби асосида тайёрланди.